Самарқандда бўлиб турган АҚШ давлат котиби Марко Рубио Kun.uz мухбири саволига жавоб бераркан, Вашингтоннинг Ўзбекистон билан муносабатларида асосий эътибор иқтисодий имкониятлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка қаратилаётганини билдирди.

Kun.uz мухбири:

— Жаноб давлат котиби, бугунги учрашувда ўзбекистонлик ҳамкасбингиз билан қайси асосий масалаларни муҳокама қиласиз? Шунингдек, АҚШ президенти Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга қачон ташриф буюришни режалаштирмоқда?

Марко Рубио:

— Президентнинг келгусидаги сафар режалари ҳақида ҳозирча изоҳ беролмайман. Бироқ биз бу ташриф амалга ошишини истаймиз. Келгуси йил ушбу масала устида ишлаб, қайси саналар мақбул бўлишини кўриб чиқмоқчимиз.

Менимча, агар имконият бўлса, президент бу ерга келишни хоҳлайди. Унинг ўзи ҳам шундай деган. Аммо президентнинг ташрифлар жадвали ҳақида ҳозир аниқ бир гап айта олмайман.

Бугунги музокараларга келсак, кун тартибимизда икки томонлама муносабатларга оид кўплаб масалалар бор. Ўйлашимча, дунёнинг бошқа мамлакатлари каби Ўзбекистон ҳам халқаро майдонда содир бўлаётган воқеаларни, уларнинг глобал иқтисодиётга таъсирини диққат билан кузатмоқда.

Шу билан бирга, икки томонлама муносабатларимизда жуда кўп ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Энг муҳими, бизнинг муносабатларимиз муаммолар ёки зиддиятлар эмас, балки имкониятлар асосида ривожланмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ўсиб бораётган мамлакат. Бу ерда аҳоли фаровонлигини ошириш учун катта имкониятлар яратилмоқда. Америка компаниялари ҳам бунга қизиқиш билдирмоқда. Биз ҳамкорликни янада қандай кенгайтириш мумкинлигини ўрганиш учун шу ердамиз.

Менимча, бу халқларимиз ва мамлакатларимизни бир-бирига янада яқинлаштиради. Чунки муносабатларни ўзаро фаровонлик ва умумий иқтисодий манфаатлардан кўра кучлироқ мустаҳкамлайдиган омил йўқ. Биз айнан шу йўналишда ишлашни мақсад қилганмиз.

Рубио, шунингдек, Марказий Осиё АҚШ ташқи сиёсатида етарлича эътибор олмаганини эътироф этди.

— Марказий Осиё сўнгги 20 йил давомида сиёсатчиларимиз томонидан ўзи муносиб бўлган эътиборни олмади. Аммо бу ҳолат ўзгармоқда. Шунинг учун биз бугун шу ердамиз.

Биз ўтган йили ҳам минтақа раҳбарлари ва президент билан учрашдик. Конгресс делегацияларини ҳам бу ерга кўпроқ ташриф буюришга ундайман. Ўзим ҳам яна қайтиб келишга умид қиламан.