Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда электр энергиясини тақсимлаш тизимини модернизация қилиш учун 200 млн доллар қарз ажратади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Қарз битими 15 октябр куни Таиланднинг Бангкок шаҳрида ОТБ президенти Масато Канда ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров томонидан имзоланди.
Дастур доирасида мамлакат бўйлаб муҳим аҳамиятга эга 60 та электр тақсимлаш подстанцияси реконструкция ва модернизация қилинади. Тармоқларни бошқаришни такомиллаштириш учун рақамли тизимлар ҳам жорий этилади.
ОТБ маълумотига кўра, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг ўсиши, шаҳарларнинг кенгайиши ва аҳолининг электр энергиясига эҳтиёжи ортиши тармоқларга тушадиган юкламани кўпайтирмоқда. Эскирган инфратузилма, электр энергияси йўқотишлари ва ускуналарнинг ортиқча юкланиши электр таъминоти ишончлилигига таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳолат, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларининг янги қувватларини тармоққа улашни қийинлаштирмоқда.
Дастур натижасида электр энергияси йўқотишларини камайтириш, трансформаторларга тушадиган ортиқча юкламани пасайтириш ва электр таъминоти барқарорлигини ошириш кутилмоқда. Шунингдек, камида 3,3 ГВт қувватга эга қайта тикланувчи энергия манбаларини электр тармоғига улаш учун шароит яратилади. Иссиқхона газлари чиқиндиларини эса йилига қарийб 23 минг тонна карбонат ангидрид эквивалентига камайтириш режалаштирилган.
Лойиҳа «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг тармоқлардан фойдаланиш ва уларни бошқариш салоҳиятини оширишга ҳам қаратилган. Ходимларнинг техник кўникмаларини ривожлантириш, бошқарув ва молиявий назорат тизимларини мустаҳкамлаш, малака ошириш ҳамда энергетика соҳасида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш ҳам дастурнинг вазифалари қаторига киради.
ОТБ маълумотига кўра, бу банкнинг Жаҳон банки билан ўзаро тўлиқ ишонч механизми доирасида амалга ошириладиган энергетика соҳасидаги биринчи дастуридир. Шунингдек, у Ўзбекистон энергетика соҳасида натижаларга асосланган қарз асосида амалга ошириладиган илк дастур ҳисобланади.
Ушбу механизм ОТБ ва Жаҳон банкига бир-бирининг комплекс баҳолаш натижалари ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш тартибларидан фойдаланиш имконини беради. Бу такрорий ишларни ва битимлар билан боғлиқ харажатларни камайтиришга хизмат қилади.
ОТБ дастурда етакчи кредитор ҳисобланади. Банк маълум қилишича, Жаҳон банки раҳбарияти шу ой охиригача қўшимча 100 млн доллар молиялаштириш ажратиш бўйича таклифни директорлар кенгаши тасдиғига киритишни режалаштирган.












