Владимир Путин Россия суди томонидан ёлланишда айбланиб қамалган АҚШ фуқароси Стивен Ҳаббардни озод қилди. Бу ҳақда Путиннинг ўзи Санкт-Петербургда АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашуви бошланаётганида маълум қилди. Россия президенти Ҳаббард аллақачон Пулково аэропортида эканини қўшимча қилган. У Уиткофф билан бирга Ослога учиб кетиши тахмин қилинмоқда.

Расмий формулировкага кўра, Ҳаббард «эзгу ният белгиси сифатида» озод қилинган – Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг АҚШ бунинг эвазига Россияга кимни топшириши ҳақидаги саволига жавобан шундай таърифни келтирди. Доналд Трамп ҳам бу бир томонлама ҳаракат бўлгани ва Россия «президент Трампга ҳурмат юзасидан» эвазига ҳеч нарса талаб қилмаганини айтди. АҚШ президенти энди илгари Россияга «дарҳол» санкциялар жорий этишни талаб қилганлар «узр сўраб қўнғироқ қилаётгани»ни қўшимча қилган.

Москва шаҳар суди Ҳаббардга нисбатан ҳукмни 2024 йил октябр ойида эълон қилганди. Ўшанда у 72 ёшда эди. Терговчиларга кўра, ушбу америкалик 2014 йилдан бери Украинада яшаган ва 2022 йил феврал ойида Харкив областидаги ҳудудий мудофаа бўлинмаси сафига қўшилган. Бир ой ўтиб у россиялик ҳарбийлар томонидан асирга олинади ва ёлланиш моддаси (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 359-моддаси 3-қисми) бўйича айбдор деб топилади. Прокуратура уни етти йил муддатга озодликдан маҳрум этишни талаб қилган, суд эса олти йил-у ўн ойга ҳукм қилган. Иш икки мажлисда ёпиқ тартибда кўриб чиқилган. Россия расмийларига кўра, америкалик судда айбига иқрор бўлган. Шу билан бирга, Ҳаббарднинг синглиси ўз интервюсида у инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлагани, россияпарастлигини ҳамда қурол ишлатишни билмаслигини айтган.

Мосгорсуд / ТАСС / Profimedia
Стивен Ҳаббард Москва шаҳар судида, 2024 йил 7 октябр

Асирликда Ҳаббардни қийноққа солишган. Россия асирлигида бўлиб қайтган ва америкаликка ҳукм эълон қилинишигача у билан бир хонада сақланган украиналик собиқ маҳбус Игор Чичконинг айтишича, Ҳаббард ва у билан бирга ўтирган украиналик ҳарбийлар калтакланган, камситилган ва очликка маҳкум қилинган. «Ҳамма қатори уни ҳам мунтазам равишда калтаклашарди. Уни таёқ ва тўқмоқ билан уришар, тепкилашарди. Итларга талатишар, овқат беришмас, йўлакларда эмаклашга мажбур қилишарди», – деганди у. Ҳаббарднинг ўзи Чичкога электр токи билан ҳам қийнашганини айтиб берган.