Қашқадарёда 6 млрд долларлик лойиҳаларга старт берилди
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, сўнгги беш йилда вилоятга 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган. Хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилган минглаб лойиҳалар ишга туширилди, аҳоли жон бошига даромад уч баравар ошди.
«Энди етиштирилган маҳсулотни вилоятнинг ўзида чуқур қайта ишлаб, воҳа аҳолисининг муносиб даромад топишига шароит яратиш керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу мақсадда умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган 161 та лойиҳа тайёрланган. Маросимда 69 та лойиҳа ишга туширилди, яна 92 тасининг қурилишига старт берилди.
Ўзбек-лотин алифбосида 4 та ҳарф расман ўзгартирилди
Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябр – Ўзбек тили кунида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тўртта ҳарфни ўзгартириш ҳақидаги қонунни имзолади.
Қонун қуйидаги ўзгаришларни назарда тутади:
O‘ o‘ → Ö ö
G‘ g‘ → Ğ ğ
Sh sh → Ş ş
Ch ch → Ç ç
ng ҳарфи мустақил ҳарф сифатида алифбодан чиқарилади.
Тутуқ белгиси алифбода сақланиб қолди.
Амалдаги барча ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз кучида қолади, дарслик, пешлавҳа ва кўрсаткичлар эса яроқлилик муддати тугагач, босқичма-босқич алмаштирилади.
Қонун расман эълон қилинганидан кейин 6 ой ўтиб кучга киради.
Ўқувчи, талаба ва педагоглар ҳар йили психологик диагностикадан ўтказилади
Ўзбекистондаги барча таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчи ва талабалар ҳамда тарбиячи ва педагоглар ҳар ўқув йилида камида бир марта психологик диагностикадан ўтказиладиган бўлди.
Президент қарорига кўра, диагностика натижалари сунъий интеллектда таҳлил қилиниб, ўқувчи ва педагоглар уч гуруҳга ажратилади, руҳий қўлловга муҳтож деб топилганларга ментор психолог бириктирилади.
Бунда ушбу тизим:
биринчи босқичда — 2026/27 ўқув йилидан бошлаб мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида;
иккинчи босқичда — 2027/28 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида жорий этилади.
Тиббий фаолият билан шуғулланиш учун давлат рўйхатидан ўтиш мажбурий бўлади
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳукумат қарорига кўра, 2030 йил 1 январдан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи фақат муайян мутахассислик бўйича давлат рўйхатидан ўтказилган шахсларга 5 йил муддатга берилади. Давлат рўйхатидан ўтмаган шахснинг тегишли мутахассислик бўйича тиббий ёки фармацевтика касбий фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.
2027 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январга қадар ходимлар мутахассислиги бўйича ихтиёрий тартибда махсус имтиҳон натижаларига кўра ёки малака тоифаларини бериш жараёнида автоматик равишда давлат рўйхатидан ўтказилади.
Ишсизлар учун энерготежамкор иссиқхона мажмуалари барпо этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 20 октябрь куни энерготежамкор лимончилик иссиқхоналарини ташкил этиш юзасидан тақдимот билан танишди.
Қайд қилинишича, Андижон вилояти Балиқчи туманидаги 100 гектар майдонда энерготежамкор иссиқхоналар қуриб, уларни тайёр ҳолда тадбиркорларга таклиф этиш режалаштирилмоқда. Лимон етиштириш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва сотиш ишлари ягона кооперация занжирига бирлаштирилади.
Лойиҳага ишсиз ва камбағал оилаларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 500 та иссиқхонада маҳаллий оилалардан камида 1 минг нафар киши иш билан таъминланади. Лимон кўчатлари ҳосилга киргунига қадар оралиқ экинлар етиштириш орқали қўшимча даромад олиш мумкин бўлади.
Балиқчи тажрибаси асосида келгуси йил ҳудудларда жами 200 гектар майдонда камбағал оила ва ишсизлар учун энерготежамкор иссиқхона мажмуаларини барпо этиш режалаштирилган. Бу икки мингта оиланинг даромадини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.















