Ўзбекистон рақамли реклама бозори хаосдан тизимга ўтмоқда: Соҳадаги муаммолар қандай ҳал қилинади?
|09:531 36310 мин
Реклама
Бугунги кунда Ўзбекистонда инфлюенсер-маркетинг, яъни ижтимоий тармоқлардаги блогерлар ва каналлар орқали реклама бериш бозори мисли кўрилмаган даражада жадал ривожланмоқда. Норасмий ҳисоб-китобларга кўра, ушбу рақамли бозор ҳажми 100 миллион доллардан ошиб кетган. Аммо соҳанинг нисбатан ёшлиги сабабли, унинг катта қисми ҳамон эскича, “қўлбола” усулларда бошқарилаётгани сир эмас. Шу ўринда бозорга шаффофлик ва тизимлилик олиб кириш мақсадида маҳаллий стартаплар ўз технологик ечимларини таклиф қила бошлади. Хўш, рақамли реклама бозоридаги асосий муаммолар нималардан иборат ва замонавий технологиялар уларни қандай ҳал қилмоқда?
Бозор ҳажми катта, аммо тизим ва тартиб йўқ
Маркетинг соҳаси мутахассислари, СММ-менежерлар ва бевосита бизнес эгалари учун Телеграм ёки Инстаграм орқали реклама бериш жараёни кўпинча ҳақиқий бош оғриғига айланади. Одатда, реклама кампаниясини ишга тушириш учун ўнлаб, баъзан юзлаб каналлар маъмурлари билан алоҳида мулоқот қилиш, савдолашиш, тўловларни хусусий карталарга ўтказиш ва ниҳоят, пост ўз вақтида чиққанини қўлда назорат қилиш талаб этилади.
Лойиҳа ҳамасосчиларидан бири Аброр Исмоилов вазиятни шундай тушунтиради: “Реклама бозоридаги энг катта муаммолардан бири — шаффофликнинг етишмаслиги. Адолатли нарх, очиқ статистика ва маблағ хавфсизлиги бўйича ишонч бўлиши керак. 10 та реклама жойлаштириш — 10 та админ билан алоҳида чат дегани. Буни 100 тага кўпайтирсангиз, 30 ёшда соч оқариши мумкин”.
Ҳақиқатан ҳам, бозорнинг ёзишмалар ва электрон жадваллар (Excel) устига қурилган эскича модели қатор хатарларни келтириб чиқаради. Биринчидан, тўлов қилингач пост чиқарилмаслиги ёки муддатларнинг бузилиши каби ҳолатлар тез-тез учраб туради. Иккинчидан, статистика кўпинча ишончсиз бўлиб, буюртмачи фақат очиқ кўриниб турган рақамларга ишонишга мажбур бўлади. Учинчидан, бюрократия ва расмий ёпувчи ҳисоботларнинг йўқлиги йирик корпоратив брендлар учун бюджет маблағларини тўғри сарфлашда жиддий тўсиқ ҳисобланади.
Ечим — инсон омилини камайтириш, АI ва автоматлаштириш
Юқоридаги муаммоларга ечим сифатида яратилган Blogix
платформаси бозорда мутлақо янги, автоматлаштирилган механизмни жорий этди. Мазкур платформа реклама кампанияларини ишга тушириш учун ягона тизим бўлиб, реклама берувчига энг самарали майдонларни танлашдан тортиб, натижаларни таҳлил қилиш ва бухгалтерия ҳужжатларини олишгача бўлган барча мураккаб босқичларни битта жойда бошқариш имконини беради.
Тизимнинг ишлаш принципи барча жараёнларни осонлаштиришга қаратилган. Яқинда тизимда ишга туширилган AI чат-ёрдамчи (сунъий интеллект) орқали мижоз ўз бизнес йўналиши ва бюджетига мос келадиган каналларни автоматик тарзда топиши мумкин. Чат-ёрдамчи, шунингдек, янги қўшилган блогерлар ва админларга платформада ишлаш йўриқномасини ҳам батафсил тушунтириб беради. Реклама матни масаласида ҳам қулайлик яратилган — мижоз тайёр реклама постини жойлаштириши ёки платформадаги AI ёрдамчиси орқали самарали реклама матнини яратиши мумкин. Статистик маълумотлар ҳам энди реал вақт режимида янгиланади, бу эса реклама берувчиларга энг сўнгги рақамларни кўриш имконини беради.
Энг муҳим жиҳатлардан бири бу – “Хавфсиз битим” механизмидир. Тизимда платформа мижоз маблағларининг холис кафолатчиси сифатида ишлайди: агар белгиланган шартлар бажарилмаса ва реклама қоидага мувофиқ жойлаштирилмаса, маблағ мижоз балансига автоматик равишда қайтарилади. Бу механизм реклама берувчиларнинг молиявий хатарларини амалда нолга туширади. Шунингдек, реклама берувчи навбат кутмасдан, кампанияни исталган вақтда, 24/7 режимида мустақил равишда ишга тушириши мумкин.
Қонунийлик ва блогерлар учун янги давр
Сўнгги вақтларда Давлат солиқ қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқларда контент яратувчи блогерлар ва инфлюенсерлар фаолиятига эътибор кучайтирилгани кузатилмоқда. Кўпгина каналлар эгалари реклама ва турли ҳамкорликлардан даромад олсалар-да, фаолиятларини расмийлаштирмасдан, норасмий усулларда ишлаб келишган. Эндиликда қонунчилик талаблари ушбу даромадларни легаллаштиришни тақозо этяпти.
Айнан шу ўринда замонавий платформалар нафақат буюртмачига, балки ижодкорларга ҳам кўмакка келади. Тизим Didox билан тўғридан-тўғри интеграция қилинган бўлиб, расмий ҳужжат айланиши ва бухгалтерия учун ёпувчи ҳужжатларни олиш жараёнини тўлиқ автоматлаштириш имконини беради. Натижада ўз фаолиятини расмийлаштирган, виждонан ишлайдиган блогерлар ортиқча қоғозбозликсиз, биргина тугма орқали платформада рўйхатдан ўтиб расмий буюртмаларни қабул қилишлари ва даромадларини қонуний доирага олиб киришлари мумкин бўлади.
Рақамлар ва инвестициялар нима дейди?
Ҳар қандай стартап ёки лойиҳанинг ишончлилигини унинг эришаётган рақамлари тасдиқлайди. Маҳаллий венчур фондлари ва тадбиркорлар айнан шу салоҳиятни кўра олишди. Лойиҳа асосчиси ва бош директори (CEO) Шаҳзод Абдурaимов бу борада шундай дейди: “Тақдим этаётган технологик ечимимиз ва бозор салоҳиятимиз инвесторлар ишончини оқламоқда. Хусусан, платформамизга АloqaVentures фонди томонидан лойиҳани янада ривожлантириш ва келгусида Марказий Осиё бозорларига чиқиш мақсадида 120 минг доллар сармоя киритилди”.
Тизим кўрсаткичларига юзланадиган бўлсак, қисқа вақт ичида платформа орқали жами 1209 та реклама кампанияси муваффақиятли ишга туширилган ва қарийб 9 мингта реклама пости чиқарилган. База мунтазам равишда тасдиқланган каналлар билан кенгайиб бормоқда ва ҳозирги кунда у 1 500 дан ортиқ реклама майдонларини ўз ичига олади. Ушбу тизим доирасида 46 та бизнес-мижозларга 1013 та Telegram канали, 451 та Instagram аккаунти ва 39 та YouTube саҳифалари хизмат кўрсатмоқда.
Платформанинг қулайлигини унинг такрорий мижозларида ҳам кўриш мумкин — фойдаланувчиларнинг 89 фоизи такрорий кампанияларни амалга оширади. Ушбу ишонч туфайли тизим бугунги кунда AgroBank, Ishonch, BMB Media ва HamkorBank каби йирик брендлар ҳамда компаниялар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ҳақиқий кейслар: B2B’дан халқаро даражагача
Маркетингда чиройли рақамлардан кўра аниқ конверсия ва қилинган савдо муҳимроқ. Тизимли ёндашув амалда қандай ишлашига бир нечта реал кейсларни мисол қилиб келтириш мумкин. Didox ҳужжат айланиши тизими ўзининг B2B тармоғидаги фойдаланувчиларига корпоратив карталарни тарғиб қилиш мақсадида платформа орқали 22 та канал танлади. Натижада эса улар 840 та реал, мақсадли ва йирик тадбиркорлардан ташкил топган буюртмаларни қўлга киритдилар. Мазкур буюртмада ҳар бир потенциал харидорга етказилган маълумот қамрови бор-йўғи 79 сўмни ташкил этган. Ўз навбатида Blogix ҳам реклама ва PR-тадбирлар сифатида 64 та канал орқали 3 босқичли тарғибот ишларини олиб бориб, сайтга 4500 га яқин ўтиш ва 469 та фойдаланувчини платформа тизимида рўйхатдан ўтказишга муваффақ бўлди.
Дунёдаги энг йирик халқаро реклама гуруҳларидан бири бўлган IPG (Interpublis Group) тармоғининг Ўзбекистондаги вакили ҳисобланмиш МcCann Group ҳам Blogix платформаси орқали “Honor” бренди реклама кампаниясини амалга оширди. Натижалар эса кутилганидан ҳам юқори: мижоз талаби 6.8 млндан зиёд кўришларга эришиш бўлган бўлса, амалий натижа 10 млндан ошиқ аудиторияни қамраб олди.
Туризм соҳасида фаолият юритувчи Losas агентлиги бир кунлик кампания давомида 367 мингдан ортиқ кишини қамраб олди. Бу реклама шунчаки “кўзга ташланиш” бўлиб қолмасдан, келиб тушган мурожаатлар орқали тўлиқ тур-пакет савдосига айланди. “Арзон Техника” дўкони ўз акциясини реклама қилиш учун воситачилар ва агентликларсиз мустақил равишда кампания ишга туширди. Бор-йўғи 48 соат ичида реклама 382 минг кишига етиб борди ва 30 дан ортиқ тайёр харидор тўғридан-тўғри дўконга қўнғироқ қилди. ОVVA платформасининг ЖЧ-2026 трансляцияси анонси ҳам битта кампания орқали 282 700 кишилик аудиторияни қамраб олишга ва шундан 600 нафар бевосита мақсадли томошабинни зудлик билан платформага ўтказишга муваффақ бўлди. Барча натижалар кампания якунида реал вақт режимидаги кўришлар сони, нашр вақти, ҳавола ва ҳатто постнинг скриншотларини ўз ичига олган батафсил ҳисобот кўринишида тақдим этилади.
Реклама агентликлари билан ҳамкорлик қамрови
Яна бир муҳим жиҳат: Blogix нафақат in-house (ички) маркетинг жамоалари ва бизнес эгалари учун, балки реклама агентликлари учун ҳам автоматлаштирилган восита сифатида хизмат қилади. Агентликлар платформа орқали ўз мижозларининг йирик реклама кампанияларини битта жойда осон бошқариши, режалаштириши ва натижаларни шаффоф назорат қилиши мумкин. Ҳозирда EightMedia ва WebMedia каби йирик агентликлар аллақачон лойиҳанинг доимий ҳамкорларига айланган. Шунингдек, тизим мутасаддилари янги реклама агентликлари билан ҳамкорликка доим очиқлигини ва улар учун махсус эксклюзив шартларни таклиф қилишга тайёр эканлигини таъкидлашмоқда.
Хулоса ўрнида
Ўзбекистон рақамли реклама бозори аста-секинлик билан ёввойи хаос давридан чиқиб, цивилизациялашган, қонуний ва аниқ таҳлилий рақамларга асосланган экотизимга ўтмоқда. Шаффофлик, кафолат ва автоматлаштириш каби тамойилларга таянган инновацион ечимлар нафақат бизнес эгалари ва маркетологларнинг кундалик ишини енгиллаштиради, балки ўз устида виждонан ишлаётган блогерларнинг ҳам қонуний, барқарор ривожланишига замин яратади. Тез орада соҳадаги эски “қўлбола” бошқарув усуллари тўлиқ ўтмишга айланиб, барча йирик хизматлар айнан шундай марказлаштирилган ақлли платформалар орқали амалга оширилиши тайин.