DW хабарига кўра, 25 октябр куни Тбилисида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси сиёсатига қарши «Иванишвилисиз Гуржистон» шиори остида юриш ўтказилган. Уни мухолифат ва фуқаролик жамияти вакиллари ташкил этган.
«Кавказский узел» нашри ёзишича, иштирокчилар Тбилиси давлат университетидан Руставели шоҳкўчаси томон юрган. Акцияда минглаб одамлар қатнашиб, Гуржистон, Украина ва Европа Иттифоқи байроқларини кўтариб борган. Ҳудудга кўп сонли ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам жалб этилган.
«Ўзгаришлар учун коалиция» етакчиси Ника Гварамия митинг олдидан бу акцияни норозиликларнинг янги тўлқини бошланиши деб атаган. У 28 ноябр куни имкон қадар кўп одам тўпланиши муҳимлигини таъкидлаган. Бу сана Гуржистонда 2024 йил ноябрида бошланган оммавий намойишларнинг икки йиллигига тўғри келади.
«Европа Гуржистони» етакчиси Гига Церетели ҳам 28 ноябрда катта акция режалаштирилганини маълум қилган.
«Грузия Online» нашри келтирган баёнотда Церетели мамлакатда демократияга путур етказилаётгани ва сиёсий ҳаёт чекланаётганини айтган. Унинг фикрича, бир пайтлар Европа интеграцияси йўлида илғор бўлган Гуржистон бугун ортда қолмоқда. Сиёсатчи партияларни тақиқлаш масаласи ва сиёсий маҳбуслар деб ҳисоблайдиган шахсларнинг тақдирини ҳам асосий муаммолар қаторида санаган.
Гуржистонда оммавий норозиликлар 2024 йил баҳорида «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қарши бошланган. Кейинчалик «Гуржистон орзуси» партиясининг парламент сайловидаги ғалабасидан сўнг намойишлар кучайган.
Ўша йил ноябрида ҳукумат Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни 2028 йилгача кечиктиришини эълон қилгач, норозиликлар кенг кўламли сиёсий инқирозга айланган. Намойишлар полиция билан тўқнашувлар, кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлар қўлланиши билан кечган.

















