22 октябрь куни Франция расмийлари мамлакат шифокорлари одатда ҳайвонларда учрайдиган Шамонда вирусини тарихда илк бор инсонда аниқлаганини маълум қилди. Мазкур бемор вафот этган, бироқ ҳукумат бу алоҳида ҳолат эканини ва умуман олганда, вирус одамлар учун хавф туғдирмаслигини таъкидламоқда.

Шамонда вируси одатда ҳайвонлар орасида майда қон сўрувчи ҳашаротлар чақиши орқали юқади. У Африка ва Осиёда бир неча ўн йиллардан бери тарқалмоқда, Европада эса илк бор шу йилнинг ёзида аниқланган эди.

Франция Соғлиқни сақлаш ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларининг қўшма баёнотида айтилишича, вафот этган беморнинг иммун тизимида жиддий муаммолар бўлган ва шу сабабли бу ҳолат истисно ҳисобланади.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваҳимага тушмасликка чақирмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, марҳум беморга вирус чивин чақиши оқибатида юққан. Бу ҳолат Франциянинг шарқида, вирус ҳайвонлар орасида тарқалган ҳудудда юз берган.

Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC) Франциядаги ҳолат ва унинг оқибатларини диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди.

«ECDC Франция расмийлари ҳамда европалик ҳамкорлар билан алоқада бўлиб турибди ва жамоат саломатлиги учун эҳтимолий оқибатларни ўрганмоқда», — дейилади марказ баёнотида.

Бутунжаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти (WOAH) маълумотларига кўра, уй ҳайвонлари орасида Шамонда вируси асосан қорамолларга зарар етказади, бироқ у от, қўй ва эчкиларда ҳам аниқланган.

Вирус қорамолларда ўткир диарея, иситма, лоҳаслик ва сут камайишига сабаб бўлади. Reuters агентлигининг хабар беришича, Франция фермаларида Шамонда вируси билан касалланган сигирларнинг сути тўрт баробарга камайиб кетган.

Ушбу вирус илк бор 1960-йилларнинг ўрталарида Нигерияда аниқланган бўлиб, шундан буён Африканинг айрим минтақаларига, шунингдек, Японияга тарқалган.

Европада Шамонда вируси мавжудлиги июль ойи охирида қайд этилди — таҳлиллар Германия жануби, Швейцария ва Франция шарқидаги қорамолларда вирус борлигини кўрсатди.

Франциянинг ҳафталик ветеринария бюллетени маълумотларига кўра, шундан бери вирус Ирландия ва Португалиядан тортиб Австрия ва Словениягача бўлган Ғарбий Европанинг 14 та давлатида аниқланган.