Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг ТДТга тўлақонли аъзо бўлиб қўшилиши ташкилот фаолиятини сифат ва мазмун жиҳатидан юқори босқичга кўтарилишига олиб келди. Ўзбекистон бугунги кунда ТДТнинг энг фаол, ташаббускор ва драйвер иштирокчиларидан бирига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг ташкилот доирасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ташаббус ва таклифлари аниқ лойиҳалар, битимлар ва қўшма дастурлар шаклида ҳаётга татбиқ этилаётгани аъзо давлатлар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Транспорт-логистика тизимини ривожлантириш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, эркин савдо ҳудудларини яратиш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, маданий-гуманитар ва илмий алоқаларни янада кенгайтириш, хавфсизликка таҳдидларга қарши кураш каби Ўзбекистон томонидан илгари сурилган таклифлар ташкилот доирасида изчил амалга оширилаётани бунинг яққол намунасидир.

30 октябр куни Анқара шаҳрида бўлиб ўтган ТДТнинг 13-саммитида ҳам президентимиз томонидан туркий давлатлар ўртасидаги муносбатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Ўзбекистон раҳбари ТДТга аъзо давлатларни стратегик мақсадлар атрофида янада жипслашиш ва халқаро майдонда умумий манфаатларни биргаликда илгари суришга чорлади.

Бу борада "Туркий давлатлар ташкилоти плюс" форматида учинчи давлатлар билан ҳамкорликни тармоқ вазирларининг учрашувларидан бошлаш таклиф этилди. Бу форматдаги мулоқотлар савдо, транспорт, инвестиция ва бошқа устувор йўналишларда аниқ қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

100 та стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини қамраб олган "Туркий дунё - 100" дастурини қабул қилиш, Туркий инвестиция жамғармаси ва халқаро молия институтлари ресурсларини ушбу лойиҳаларни амалга оширишга йўналтириш таклиф этилди.

"Тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида"ги кўп томонлама шартномани ишлаб чиқиш ҳамда ҳуқуқий ёрдам сўровлари ва ҳужжатларни электрон алмашишга мўлжалланган рақамли платформани ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

Шарқий ва Марказий Осиё минтақаларини Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа билан боғлайдиган Ўрта коридорни яхлит иқтисодий тизимга айлантириш мақсадида “Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи”ни ташкил этиш ва биргаликда бошқариш таклиф қилинди.

Туризм салоҳиятини кенгайтириш мақсадида “Туркий туризм алянси”ни тузиш, шунингдек, аҳолининг ўзаро сафарларини соддалаштириш ва ID-карталар асосида сафар қилиш имкониятларини кенгайтирувчи кўп томонлама битим ишлаб чиқиш таклифи иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди этилди.