1 август куни тахминан тушдан кейинги 14:30 лар атрофида Айдаҳо штати Твин-Фолс шаҳрида In-N-Out Burger ресторани яқинида отишма содир этилди. Reuters’нинг ёзишича, савдо марказида қуролланган ёш йигитнинг ўт очиши оқибатида 3 киши ҳалок бўлган. Қурбонлар ичида отишмани уюштирган шахснинг ўзи ҳам бор.
Твин-Фолс полиция бошлиғи сўзларига кўра, айни дам аҳолига хавф йўқ, чунки ўқотар қурол кўтариб чиққан эркакнинг ўзи ҳам ўлдирилган.
Шаҳарнинг жамоатчилик билан алоқалар департаменти координатори Жош Палмернинг медиага маълум қилишича, отишма содир бўлган жой гавжум ҳудуд ҳисобланади ва камида икки киши жароҳатланган. Ҳозир улар касалхонада қолмоқда. Полиция отишма сабабларини ўрганмоқда, воқеадан сўнг атрофдаги асосий йўллар ҳамда яқин кўприклар ҳаракат учун ёпилди.
Эслатиб ўтамиз, қарийб 50 минг аҳолига эга Твин-Фолс шаҳри Айдаҳо штатининг марказий қисмидаги Magic Valley минтақасида жойлашган.
Ўтган ҳафта якшанба кечда эса Вашингтон штати Сиетл шаҳрида қуролли отишма содир бўлиб, унда ҳам 3 киши ҳалок бўлганди. Шундан сўнг Сиетлдаги давлат байроқлари мотам сабаб ярим метр пастга туширилган.











