Қирғизистонда Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши 2027 ёки 2028 йилда бошланиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров Жалолобод вилоятининг Тошкўмир ва Қоракўл шаҳарлари аҳолиси билан учрашувда маълум қилди.
Мулоқот давомида у Қамбарота ГЭСи қурилиши ҳақида гапираркан, мазкур лойиҳа мамлакат учун катта аҳамиятга эга эканлигини айтди.
Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, ГЭС қурилиши яқин йилларда бошланиши мумкин.
«Қамбарота-1 бўйича тайёргарлик ишлари якунланди. Худо хоҳласа, келаси 2027 ёки 2028 йилда қурилишни бошлаймиз ва беш-олти йил ичида қуриб битказамиз», — деди у.
Қамбарота-1 ГЭСи Норин дарёсида қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан амалга оширилмоқда. ГЭС қуриб битказилгач, йилига 6 млрд киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Унинг қиймати 4,2 млрд доллар деб баҳоланган.

















