Англиянинг “Фулҳэм” футбол клуби Янги Тошкентда замонавий футбол академиясини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Хабар қилинишича, ушбу масала клубнинг футболни ривожлантириш йўналиши раҳбари Ҳю Женнингс ва тижорат менежери Бретт Макголдрик ҳамда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси дипломатлари билан учрашувида муҳокама қилинди.

Дипломатлар жамоа маъмуриятига Ўзбекистонда футболни ривожлантириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, замонавий спорт инфратузилмасини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Янги Тошкентни барпо этиш лойиҳаси ва унинг ҳудудида спорт иншоотларини ривожлантириш режаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Фулҳэм” раҳбарияти Британия тажрибаси ва стандартлари асосида Янги Тошкентда академия ташкил этиш истиқболларини ўрганишга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашув якунида томонлар ушбу ташаббусни амалга ошириш учун ҳамкорликнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олди.