«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистонга ташриф буюрган делегацияга Франция Европа ва ташқи ишлар вазирининг шаҳарлар ва транспортни барқарор ривожлантириш масалалари бўйича махсус вакили Жерар Волф бошчилик қилган.
Ташриф доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида музокаралар ўтказилган. Унда Alstom, SUEZ, Veolia, EDF, MND, Dassault Systèmes, IVECO ҳамда Wilmotte & Associés компаниялари вакиллари қатнашган.
Томонлар энергетика, транспорт, сув таъминоти, коммунал хўжалик, рақамлаштириш, туризм ва шаҳарсозлик соҳаларига Франция инвестициялари ҳамда замонавий технологияларини жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилган. Шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш ва коммунал тизимлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Делегация Янги Тошкентга ҳам бориб, ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини кўриб чиққан. Трамвай қатновидан ташқари, сув тозалаш тизимларини ривожлантириш, иссиқлик таъминотини модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва «ақлли шаҳар» технологияларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинган.
Янги шаҳарда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳам ҳамкорлик йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилган.
Шунингдек, Франция тараққиёт агентлиги ва ихтисослашган компаниялар билан алоқаларни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинган. Учрашувлар якунида томонлар қўшма инвестиция ташаббусларини илгари суришга қизиқиш билдирган.

















