Аввалига машинаси бор эди. Иши, дўстлари, оиласи, фарзандлари билан оддий ҳаёти бор эди. Кейин машинасидан айрилди. Қарзлар кўпайди. Дўстлари унга ишонмай қўйди. Яқинлари билан муносабатлари совиди. Бир пайтлар уйида болаларининг шовқинидан қувонган инсон энди шу шовқиндан ҳам безовта бўла бошлади. Қаҳрамонимиз бу йўлга қандай кириб қолганини эслар экан, ҳаммаси бир таклиф ва бир марта синаб кўриш истагидан бошланганини айтади. У ўша пайтда бу одат ҳаётининг энг муҳим қисмларини тортиб олишини хаёлига ҳам келтирмаган.

«Ҳаммаси блогер рекламаси ва 15 дақиқада топилган пулдан бошланди»

Қаҳрамонимиз Тошкентда ижарада яшаб, арендага олган машинасида ишлаб, оиласини таъминлаб келган. Ўртача, аммо хотиржам ҳаёти бор эди. Барчаси бир кунлик тасодифий рекламадан сўнг ўзгариб кетган.

«Машинамда ўтирганимда ижтимоий тармоқда таниқли блогернинг рекламаси чиқиб қолди. У “обуначим букмекерлик компаниясидан миллиард сўмдан ортиқ пул ютди”, деб гапирди. Ёнимда ўйнаб юрадиган қариндош укам бор эди, ундан “шунақаси бўлиши мумкинми?” деб сўрадим. У “ҳа, ақл билан, азартга берилмасдан ўйнаса бўлади”, деди. Чўнтагимда 400 минг сўм бор эди. Телефонимни бердим, аккаунт очиб, 15 дақиқада 400 мингни 800 мингдан оширди, 1,5 соат ичида эса қарийб 2 миллион сўм чиқариб берди. Ҳайрон қолдим: “Бўлар экан-ку!” дедим».

Дастлабки 7–10 кун давомида у 2–4 миллион сўмлаб ютиб юрган. Энг катта ютуғи эса 5 миллион сўмни ташкил этган. Аммо тизимнинг асл моҳияти кейинроқ намоён бўла бошлаган:

«Букмекерлик компанияси бошида қўлингизга пулни “ушлаб тур” деб бериб қўяди-да, кейин секин-аста ҳаммасини қайтариб олади. Ярим кечаси пластикда пул тугаб қолса, 2 километр пастдаги пайнет будкасигача пиёда бориб пул ташлардим. Ўзингизни тўхтата олмай қоласиз».

«Қошиқлаб йиғган обрўйимни вагонлаб тўкдим»

Ўйин бошланганидан атиги саккиз ой ўтиб, қаҳрамонимизнинг ҳаёти издан чиққан. Ўзи, турмуш ўртоғи ва яқин таниши номига олинган кредитлар бўйича жами 90 миллион сўм қарзи тўпланган. Ижара ҳақини тўлай олмагани учун 18 ой давомида ойига 250 доллардан тўлаб келган машинасидан айрилган, уй ҳақини тўлашга ҳам қурби етмай қолган.

Ўйинга пул топиш учун танишларидан турли баҳоналар билан қарз сўрагани оқибатида уларнинг ишончини йўқотган. Доимий стресс эса соғлиғига ҳам таъсир қилган: энди кимдир у билан баландроқ овозда гаплашса ҳам, қўл-оёқлари қалтирайди.