Германия шарқида немис полициячилари АҚШга қарашли гаубицаларни ташиётган автокарвонни тўхтатишди ва унга ҳаракатланишни тақиқлашди. Бу ҳақда Bild нашри хабар бермоқда.

Америкалик ҳарбийлардан буюртма олган Польша транспорт компанияси машиналари 6 та Howitzer M109 гаубицасини олиб кетаётган бўлган. Таъкидланишича, гаубицаларнинг ҳар бири 20 тоннадан оғирроқ келади. Автомобиллар ҳайдовчиларда транспорт ҳужжатлари ва бундай юкларни ташиш учун рухсат йўқлиги сабабли Оберлаузиц-Норд автобанида тўхтатилган. Бундан ташқари, гаубицалар жуда катта ўлчамли ва оғир бўлган: улар Mercedes юк машиналаридан ҳам энлироқ бўлган ва уни ташиб кетаётган машиналар учун белгиланган меъёрдан анча ортиқча тош босган.

Таъкидланишича, бундай юкларни тегишли машиналар кузатиб бориши керак бўлган, бироқ тўхтатилган автокарвонда бундай машина бўлмаган. Шунингдек, ҳайдовчилар машиналарни узоқ вақт узлуксиз бошқарганлар.

Полициячилар кўплаб қоидабузарликлар аниқлангани сабабли автокарвонга ҳаракатланишни тақиқлаб, гаубицалар барча зарурий рухсатлар билан мос машиналарга ортилгунча махсус майдончага жўнатилган.

Машиналар ҳайдовчилари ва хизмат кўрсатаётган компанияга жарима солиниши мумкин.