14:07 / 14.12.2018
3412
ХМТ раҳбари: Ўзбекистон ҳам қишлоқ хўжалигида меҳнат шароитини яхшилаш буйича ишлардан четда қолмаслиги керак

Бугун, 2018 йил 14 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency меҳмонхонаси анжуманлар залида «Меҳнат соҳаси истиқболи: Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги арафасида муносиб бандликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференция очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди ва ўз нутқида анжуман иштирокчиларини табриклади.

Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер бу ўзининг Марказий Осиё минтақасига илк ташрифи эканига урғу бериб, Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқи бўйича қатор ютуқларини эътироф этди.

«Дунё бўйлаб мажбурий меҳнатга қарши кураш кетмоқда, жумладан қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат шароитини яхшилаш бўйича ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон ҳам бу жараёнлардан четда қолмаслиги керак ва бу борада муайян ишлар амалга оширилди», деди у.

Асосий мақсади – муносиб бандликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш учун меҳнат соҳаси экспертлари ва профессионалларни бир жойда  тўплашдан иборат бўлган конференцияда Россия, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбойжон, Эрон каби давлатлардан иштирокчилар ташриф буюришган.

Конференцияда БМТ ТД, ЕХҲТ, ЮНИСЕФ, Миграция бўйича халқаро ташкилот, Осиё тараққиёт банки спикерлари бандлик муаммолари ечими бўйича фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев мазкур халқаро конференция Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича 2019 йил дунё бўйлаб ўтказиладиган тадбирларни бошлаб беришини қайд этди. 

Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ўз нутқида Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига қарши кураш олиб борилаётгани, жумладан хорижлик экспертлар томонидан кўп марта тилга олинган болалар меҳнатига 2013 йилдан буён чек қўйилгани, қайд этилган бир-икки ҳолатлар ҳам тизимли эмаслигини билдирди.

Top