8458.16 USD +9.27

9501.05 EUR +38.29

129.74 RUB -0.07

10994.8 GBP -133.27

03:52 / 14.03.2019 5205

Бутун дунё бўйлаб Facebook ва Instagram ишида узилишлар кузатилди

Фото: Global Look Press

Жаҳоннинг кўплаб давлатларида Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари ишида узилишлар кузатилган. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг ўзи хабар беришмоқда. DownDetector сайтидаги маълумотларга кўра, узилишлар 13 март куни Тошкент вақти билан 20:56 дан сўнг кузатила бошланган.

The Verge нашрининг хабарига кўра, ижтимоий тармоқларда ёзув қолдириш, хабар жўнатиш ва олиш имконияти йўққа чиққан.

Facebook билан боғлиқ муаммолар ҳақида кўпроқ Шимолий ва Жанубий Америка, Европа ва Филиппиндаги фойдаланувчилари хабар қилишган. Instagram билан боғлиқ муаммолар ҳақида эса кўпроқ АҚШнинг шарқий соҳили, Буюк Британия, Франция ва Нидерландияда яшовчи инсонлар ёзишган. Instagram шунингдек, Ўзбекистонда ҳам рисоладагидек ишламаган.

Facebook ўзининг расмий Twitter аккаунтида узилишлар ҳақида билишларини ва уни бартараф этиш устида иш олиб борилаётганини маълум қилган.

“Биз айни пайтда айрим инсонларнинг Facebook оиласига мансуб иловаларга уланиш борасида муаммоларга дучор бўлаётганидан хабардормиз. Биз муаммони имкон қадар тезроқ бартараф этиш устида иш олиб боряпмиз”, — дейилган компания хабарида.

Шунингдек, Facebook вакили Reuters агентлигига компания ижтимоий тармоқларга уланиш борасида юзага келган муаммолардан хабардор эканлигини айтган, бироқ унинг сабабларига ойдинлик киритмаган.

Теглар

Top