8535.74 USD +17.06

9566 EUR -86.52

132.57 RUB +1.24

10746.5 GBP -101.19

10:51 / 01.06.2019 3776

Сенаторлар ЯИМда «яширин иқтисодиёт»нинг улушини камайтирмоқчи

Фото: Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

2019 йил 31 май куни Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Яширин иқтисодиёт”: муаммо, ечим ва натижалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, мутахассислари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, “яширин иқтисодиёт”ни аниқлаш, шаклланишининг олдини олиш ва улушини пасайтириш иқтисодий сиёсатнинг бугунги кундаги долзарб муаммоларидан бири саналади. Шу боис бу борада зарур комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш давр талабидир. “Яширин иқтисодиёт”нинг кўлами кенгайиб бориши, ўз навбатида, мамлакатда яратилган миллий бойликни тақсимлаш ва қайта тақсимланишида тенгсизликни келтириб чиқаради. Аҳоли даромадларининг тўғри тақсимланмаслиги эса жамиятда ижтимоий муҳитнинг ёмонлашуви, давлатнинг иқтисодиётни бошқариш механизмларининг кучсизланишига сабаб бўлади. Жиноий фаолиятнинг ҳамда уюшган жиноятчиликнинг авж олишига шароит яратиб, мамлакатнинг инвестицион муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Унинг кенгайиб бориши аҳолининг давлат томонидан олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларга бўлган ишончини йўқотади.

Сўзга чиққанлар ялпи ички маҳсулотда яширин иқтисодиётнинг улуши юқорилигини, ўз ўрнида иқтисодиётнинг ривожланиши ва бюджет тушумларига халақит бераётгани тўғрисида ҳам атрофлича маълумот беришди, дейилади хабарда.

Давра суҳбати иштирокчилари хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда “яширин иқтисодиёт” улуши ва таъсирининг минималлигини таъминлаш чораларини ҳам муҳокама қилишди. Хусусан, ушбу масала юзасидан ривожланган давлатлар тажрибасини таҳлил қилган холда мос бўлган йўналишларга таяниб, уни батамом йўқ қилиш борасида босқичма-босқич чоралар кўриш, тадбиркорларни аста-секинлик билан қонуний белгиланган тартибда ишлашга ўргатиш зарурлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Бундан ташқари, “яширин иқтисодиёт”нинг ривожланишига сабаб бўладиган омиллар, яъни солиқ юкининг юқорилиги, турли хил лицензия, сертификат ва рухсатномалар олинишида кўзда тутилмаган харажатларнинг мавжудлиги, хомашё маҳсулотлари етказиб берилишида тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришдаги бюрократик тўсиқ ва қийинчиликлар, коррупциянинг батамом йўқолмаганлиги, ҳуқуқ ва суд тизими самарадорлиги етарли даражада эмаслиги, иқтисодиётнинг барча субъектларида расмий фаолият юритиш учун иқтисодий механизмларнинг мукаммал ишлаб чиқилмаганлиги масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Top