Қарорга мувофиқ, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси таркибида қуйидаги принципиал янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди:
Фарғона “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Мудофаа вазирлиги таркибида);
Қибрай “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Давлат хавфсизлик хизмати таркибида);
Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Ички ишлар вазирлиги таркибида);
Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Миллий гвардия таркибида);
Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи (Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида).
Қарор билан шунингдек, қуйидагилар тасдиқланди:
Принципиал янги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейларини ташкил этиш ва уларнинг ўқув-тарбиявий жараёнини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
“Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи тўғрисидаги низом;
Ҳарбий-академик лицейнинг намунавий ташкилий-штат тузилмаси;
Ҳарбий-академик лицейларга бириктирилган олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг рўйхати.
Янги шакллантирилаётган “Темурбеклар мактаблари”га қабул ва ўқитиш 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.











