18:10 / 12.12.2019
6
64076
Эрон Ўзбекистон денгизга чиқишига йўл очмоқчи

Эроннинг саноат, конлар ва савдо вазири Ризо Раҳмоний «Шимол-Жануб» транспорт йўлагининг савдо-иқтисодий алоқалар ва савдо айрибошлашда муҳим ролга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

Фото: novostipmr.com

Ризо Раҳмоний чоршанба куни Тошкентда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов билан учрашган, деб ёзади IRNA.

Фото: irna.ir

Эрон савдо вазирининг таъкидлашича, «Шимол-Жануб» йўлагининг савдо-иқтисодий салоҳияти тўлиқ амалга оширилиши Эрон шимолида жойлашган давлатлар, жумладан, Ўзбекистонни Форс кўрфазидан жанубда жойлашган давлатлар, шунингдек Шимолий Африка минтақасидаги мамлакатлар билан боғлайди, бу эса давлатлар ўртасида савдо ҳамкорлигини янада кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади.

«Эрон бу мамлакатлардан Ўзбекистонга товарларни транспортировка қилиш учун ҳеч қандай чекловларсиз транзит йўналиши очиб беришга тайёр», — деган Раҳмоний.

Унинг сўзларига кўра, ҳамкорликни янада кенгайтириш учун ноёб имкониятлар мавжуд ва Эрон ҳамда Ўзбекистоннинг ҳамкорлигига бағишланган 13-саммит ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун бурилиш нуқтаси бўлади.

Раҳмонийга кўра, Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун йўл очиқ-равшан кўриниб турибди, имтиёзли савдо тарифлари бўйича англашув меморандуми имзолангани ҳамкорликни келгусида янада яхшилаш учун хизмат қилади.

«Биз доимий асосда Эрон ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишни режалаштирмоқдамиз ва молиявий операцияларда миллий валюталаримиздан фойдаланмоқчимиз», — деди у.

Маълумот учун, «Шимол-Жануб» транспорт йўлаги — Ҳиндистон, Россия, Эрон, Европа ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги товар айланмасини енгиллаштирувчи ва тезлаштирувчи денгиз, темирйўл ва автомобиль йўналишларидир.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top