08:00 / 29.01.2020
0
35839
Коронавирусдан яна 26 киши вафот этди. Вирусдан зарарланиш кўлами атипик зотилжамникидан ошиб кетди
Фото: Pavel Mikheyev / Reuters

Хитойда янги коронавирусдан вафот этганлар сони бир кун ичида яна 26 нафарга кўпайиб, умумий ҳисобда 132 нафарга, касалланганлар сони эса 1459 нафарга кўпайиб, 5974 нафарга етди. Бошқа давлатлардаги касалланганлар ҳисобга олинса, бутун дунё бўйлаб ушбу вирусдан касалланганлар сони 6052 нафарга етди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар берди. 

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, қурбонларнинг аксариятини 60 ёшдан катталар ва аввал бошқа касалликларга эга бўлганлар ташкил қилмоқда.

Шу билан бирга, 103 киши коронавирусдан фориғ бўлган.

Хитойда янги коронавирус тарқалиши кўлами 2002-2003 йилларда кузатилган атипик зотилжам (SARS) эпидемияси кўламидан ошиб кетди.

Атипик зотилжамдан (SARS, оғир ўткир респиратор синдром) илк касалланиш ҳолати 2002 йил ноябрда Хитойнинг Гуандун провинциясида, охиргиси 2003 йил июнда қайд қилинганди. ЖССТ маълумотларига кўра, Хитойнинг қитъадаги қисмида ушбу касалликдан 5327 та касалланиш ҳолати қайд қилинган, 349 киши вафот этган. Ҳаммаси бўлиб 30 та давлатда 8,5 минг киши ушбу касалликка чалинган, 900 дан кўпроқ киши вафот этган. 

Ундан кейинги коронавирус – Яқин Шарқ вируси MERS-CoV тарқалиши 2012 йилда бошланиб, бир неча йил ичида 2494 кишини қамраб олган, улардан 858 нафари вафот этган. MERS’дан энг кўп касалланиш ҳолатлари Саудия Арабистони ва Жанубий Кореяда қайд қилинган.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top