11:07 / 12.02.2020
0
12234
1,4 минг кишилик круиз лайнерини коронавирус сабабли бирорта порт қабул қилмаяпти
Фото: Tim Rue/Bloomberg/Getty Images

MS Westerdam круиз лайнери ундаги йўловчилар коронавирусга чалинган бўлиши мумкинлиги гумони остида Жануби-Шарқий Осиё давлатлари томонидан қабул қилинмаяпти. Охирги ҳафта ичида унга турли давлатларнинг 6 та портида рад жавоби берилган.

Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.  

Бортида 1455 сайёҳ ва экипажнинг 802 аъзоси бўлган кемани дастлаб Тайван, сўнгра Филиппин, Япония ва Жанубий Корея қабул қилишдан бош тортган. Гуам оролида ҳам кемага рад жавоби берилган. 

Шундан кейин Holland America Line компаниясига тегишли кема экипажи умидсизликка тушиб Таиланд томон йўналган. Ушбу давлат дастлаб кемага ўз соҳиллари яқинида тўхташга ва ундаги барча касалларни қабул қилишга рози бўлган. Компания барча меҳмонларга ва экипажга сабр-тоқати учун миннатдорлик билдириб, барча сайёҳларга пуллари қайтарилишини маълум қилган бир паллада Таиланд тўсатдан ўз қарорини ўзгартириб, рад жавоби берган. 

Таъкидланишича, 11 февралда Таиланд соғлиқни сақлаш вазири Анутин Чарнвиракул барча хатарларни ҳисобга олиб, “ҳукуматга кемага Таиландда тўхташга рухсат бермасликка кўрсатма берган”. Шу тариқа экипаж кема эгалари бирор давлат билан унинг қабул қилиниши бўйича келиша олишига умид қилган ҳолда океанда “қувғунди” каби изғиб юришига тўғри келмоқда. 

Аввалроқ Япониянинг Йокогама портида яна бир круиз лайнери - Diamond Princess юқоридаги сабабга кўра карантинга қўйилганди. Унинг бортида ҳаммаси бўлиб 50 га яқин давлатдан 3700 га яқин одам бор бўлиб, кема ҳозирча 19 февралгача карантинга қўйилган. Охирги маълумотларга кўра, кема бортида коронавирусга чалинганлар сони 175 нафарга етган. 

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top