11:20 / 14.02.2020
0
5066
Westerdam кемасининг тутқунликда қолган йўловчиларига қирғоққа тушишга рухсат берилди
Фото: KUN.UZ AP Photo/Heng Sinith

Аввалроқ коронавирусдан қўрқув сабабли Япония, Филиппин, Тайван, Таиланд ва Гуам портларига кириши рад этилган Westerdam круиз лайнери йўловчилари Камбожанинг Сиануквиль портида қабул қилина бошландилар.

Бу ҳақда АҚШнинг Камбожадаги элчихонаси хабар қилди. Таъкидланишича, кемада 600 дан кўпроқ америкалик бўлган.

Westerdam 1 февралда бортида 1455 йўловчи ва 802 ходим билан бирга Ҳонгконгдан йўлга чиққан. Бироқ уни бортида коронавирусга чалинганлар бўлиши мумкинлиги хавотирида бир қатор давлатлар қабул қилишдан бош тортганди.

Шундан кейин тутқунликда қолган йўловчиларни Камбожа қабул қилишга тайёрлигини билдирганди.

Кемадаги коронавирусга текширилган 20 кишининг барчаси соғломлиги аниқлангач, йўловчиларга Сиануквилда тушишга рухсат берилган.  

“Лайнердан илк йўловчилар тушди ва уйига йўл олди! Биз уларни ерга оёқ босганларида қутлашдан хурсандмиз. Биз Камбожа ҳукуматидан миннатдормиз”, дейилган элчихона хабарида.  

Пастда йўловчиларни шахсан Камбожа бош вазири Хун Сен кутиб олган. Круиз лайнери эгаси Holland America Line компанияси яқин кунларда барча йўловчиларни Камбожа пойтахти Пномпенга етказишга ваъда берган. Бу ердан 14 февралдан бошлаб йўловчиларни юртларига чартер рейсларда жўнатиш бошланади.

Айни вақтда бошқа бир кема - бортида 3,7 минг киши бўлган Diamond Princess лайнери Йокогама портида карантинда турибди. Охирги маълумотларга кўра, кемада вирус аниқланган кишилар сони 219 нафарга етган. Йўловчилар вирусни кемадан Ҳонгконгда тушиб қолган кекса эркакдан юқтириб олишган.  

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top