09:50 / 25.02.2020
0
10486
ЖССТ: Хитойда эпидемиянинг энг юқори даражаси ортда қолди, бироқ у пандемияга айланиши эҳтимоли мавжуд 

Февраль ойи бошидан бери Хитойда коронавирус эпидемияси кўлами камая бошлади. Шунингдек, олимлар вирус мутация қилмаганини аниқлашган.   

Фото: China Daily via REUTERS

Хитойда коронавирус эпидемиясининг энг юқори даражаси ортда қолди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебрейсус 24 февралда ўтказилган брифингда маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, ЖССТ ва Хитойнинг биргаликдаги миссияси Хитой провинцияларида, жумладан вирус тарқалиши ўчоғи ҳисобланган Ухан шаҳридаги вазиятни ўрганиш натижалари бўйича ҳисобот тақдим этди. 

“Жамоа вируснинг трансмиссивлиги, у келтириб чиқарувчи касалликнинг оғирлиги ва кўрилган чораларнинг самарадорлиги бўйича бир қатор хулосалар чиқарди. Мутахассислар эпидемия энг юқори даражасига 23 январь ва 2 февраль оралиғида етганини ва шундан кейин муқаррар пасайиб бораётганини аниқлашди”, деб айтган Гебрейсус.

Унинг маълум қилишича, коронавирус аниқлангандан кейин унинг ДНКсида сезиларли ўзгаришлар рўй бермаган. Ундан ўлим даражаси Уханда 2 фоиздан 4 фоизгачани, унинг ташқарисида эса 0,7 фоизни ташкил қилади. 

Шу билан бирга Гебрейсуснинг таъкидлашича, вирус пандемияга айланиши эҳтимоли мавжуд. Унинг айтишича, айни вақтда вируснинг назорат остидан чиқиб кетган глобал тарқалиши, катта кўламдаги оғир касалланишлар ёки ундан кўп сондаги ўлимлар йўқ.

“Бу вирус пандемияга айланиши мумкинми? Шубҳасиз, мумкин. Биз ҳозирда пандемия босқичидамизми? Бизнинг баҳолашимизча, ҳозирча йўқ”, деб айтган ЖССТ раҳбари.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда коронавируснинг дунёнинг турли бурчакларида индивидуал муносабат билдирилишини талаб қилувчи тарқалиши кузатилмоқда. 

“Айни дамда “пандемия” сўзининг қўлланиши ҳозирги шароитга тўғри келмайди ва шубҳасиз, ваҳима уйғотиши мумкин. Биз пандемия эҳтимолига тайёр туриш учун барча имкони бор чораларни кўриб, эътиборимизни вирус тарқалишини тўхтатишга қаратишимиз лозим”, деб қўшимча қилган ЖССТ раҳбари.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top