17:10 / 28.02.2020
0
21413
ССВ: коронавирус бўйича эрталаб олинган маълумот тушга бориб эскирмоқда

“Халқимизда кимдир узоқ сафардан, айниқса хориждан келса албатта бориб, қучоқлаб кўришиб зиёрат қилинади. Ҳозир коронавирус ўчоғи бўлган давлатлардан қайтаётганлар билан муносабатда эҳтиёт бўлишимиз керак” – бош санитар врач

Фото: Reuters

Бугун, 28 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазият ва касаллик тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мутахассислари билан бирга Ташқи ишлар, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий таълим, Халқ таълими, Маҳалла ва оилани қўллаб қувват вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев вазирлик томонидан коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келишига қарши барча чоралар кўрилаётганини билдириб, шиддат билан тарқалаётган бу касалликка оид эрталабки маълумотлар кун давомида эскираётганини айтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов мавзу юзасидан сўзларкан шундай фикрларни билдирди:

– Халқимизда эзгу урф-одатлар жуда кўп. Кимдир узоқ сафардан, айниқса хориждан келса албатта бориб кўрилади, қучоқлаб кўришиб зиёрат қилинади. Ҳозир коронавирус ўчоғи бўлган давлатлардан қайтаётганлар билан муносабатда эҳтиёт бўлишимиз керак. Бу касалликнинг мамлакатимизга кириб келиш хавфи бор. Албатта зарур чоралар кўрилади, аммо ҳар биримиз шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишимиз шарт.

Сўнгги маълумотларга кўра, 28 февраль куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалган давлатлар 52тага етган, вирусдан зарарланганларнинг жами сони 83 минг кишига етган, ҳалок бўлганлар 2858 кишини ташкил қилмоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top