18:48 / 03.03.2020
0
11364
«Меҳр» операциясида Ўзбекистонга қайтарилган аёлларга қанча ёрдам пули берилгани очиқланди

Бугун, 3 март куни, Тошкент шаҳридаги Hilton меҳмонхонасида «Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Анжуманда сўзга чиққан Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти вакили Фариза Рамазонова Сурия ва Ироқдан қайтарилган аёлларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш масаласига тўхталди.

«Меҳр-1» операциясида аёллар ва болалар, «Меҳр-2» да эса фақат болалар ватанга қайтарилди. Аёллар ва болалар Ўзбекистонга келтирилгандан сўнг уларни қўрқитган жиҳат ҳуқуқий ҳимоя ҳисобланади.

Барчага маълумки, бу ерга келгандан сўнг уларда шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган. ИШИД ҳудудига кириб келишганда уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва ёқиб юборилган. Аёлларга паспорт, айниқса, болаларга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштириш юридик чалкашликларга олиб келди. Шунга қарамасдан, қисқа муддат, яъни 1-2 ойда уларга фуқаролик паспорти, гувоҳномалар берилди, фуқаролиги ҳам тиклаб берилди.

Улар жиноий жавобгарликка тортилишдан қўрқиб, ортга қайтмаган. Баъзилари халқаро қидирувга берилганди.

Фариза Рамазонова

Аёлларнинг айтишича, уларга Туркия ва Россияда сохта паспортлар тайёрлаб берилган. Миллий қонунчиликка кўра, репатриантлар Жиноят кодексининг бир қанча моддаларини бузганликда айбланиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилиши, ҳаттоки бутун умрлик қамоқ жазосига тортилишлари мумкин эди.

Айни вақтда бу аёллар доимий яшаш жойларига қайтарилган. Давлат ҳисобидан уйлар берилди, моддий таъминоти учун 7-10 млн. сўм ажратилди.

Уларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланган. Шунингдек, аёлларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун тикув машинаси олиб берилди. Болалар эса мактаб ва МТМларга жойлаштирилди», – деди Фариза Рамазонова.

Эслатиб ўтамиз, «Меҳр» операцияси биринчи марта 2019 йил 30 майида ўтказилган, унда 107 нафар бола ва 48 нафар аёл Сурия ва Ироқдан ватанга қайтарилган эди. 10 октябрда эса 64 нафар бола Ироқдан олиб келинди.

Дастлабки хабарларда репатриант аёлларга БҲМнинг 10 баробари, болаларга эса 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам пули берилгани маълум қилинган эди.

Бундан олдин Ироқ ва Суриядан қайтарилган аёллар бўйича ўрганиш натижалари маълум қилинган эди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top