01:27 / 17.03.2020
29397
Коронавирус кўланкаси Самарқандда ун ва картошкани энг харидоргир маҳсулотга айлантирди

Коронавирус Ўзбекистонга кириб келганининг биринчи кунида дўконларда одамлар бирламчи эҳтиёж маҳсулотларини сотиб олишга зўр беришди. Жумладан, самарқандликлар ҳам. Аммо кейинги кун бу борада ҳаммаси ўз изига тушгандек кўринди. Ҳал ҳолда Самарқанд шаҳридаги дўконларда одам гавжум эмасди.

Аммо вилоятнинг турли ҳудудларида, жумладан шаҳарнинг айрим жойларида ҳам ун ва картошкага бўлган эҳтиёж жуда юқори. Қизиғи, шаҳар марказидаги бозор ва дўконларда картошка сероб ва 4-5 минг сўмдан сотилаётган бўлса-да, одамлар кўп борадиган «Янги бозор»да картошка топиш қийин бўлди. Бу масканда алоҳида улгуржи мева-сабзавот бозори бор ва кўпроқ сабзавот олмоқчи бўлганлар учун нархлар шаҳардагидан доимо арзон юрган. Тушдан кейин бозорда фақат бир ерда кичикроқ картошка 2500 сўмдан сотилаётган эди. Лекин картошка сўраб келган одам ҳам кўринмади.

+

Сотувчининг айтишича, куннинг биринчи ярмида Россиядан олиб келинган қора картошка 7 минг сўмдан сотилган. Нарх одатдагидан қиммат бўлса-да, картошка сотилиб кетган. Сотувчига кўра, улар картошканинг устига одатдагидек қўйиб сотишмоқда, шунчаки «оптом»чилар, яъни картошканинг катта миқдордаги қисмини ушлаб турганлар нархни кўтариб юборган.

Бозордан озроқ ўтгач, маҳалланинг ичида юк машинасида 4000 сўмдан картошка сотилаётганини кўрдик. Аммо одамлар қоп-қоп картошка сотиб олаётгани кўнгилни хира қилади. Аслида, мана шундай керагидан ортиқ харидлар бозорларда танқисликни келтириб чиқаради. Бозорда пиёз савдоси ҳам авжида, унинг бир килоси 2000-2200 сўмдан сотилмоқда.

Самарқанд шаҳар санитария эпидемология осойишталик маркази раҳбарининг айтишича, шаҳардаги барча жамоат жойлари прогрин суюқлиги билан дезинфекция қилинмоқда. 

СЭОМ вакиллари ишчилар етишмаётганини айтишди. Улар эрталабдан кечгача ишлаб, кўчалардаги жамоат транспортларини ҳам имкон қадар дезинфекция қилишмоқда. Мутахассислар айтишича, прогринни мустақил тарзда тайёрлаб ҳам дезинфекция учун ишлатиш мумкин. Шунингдек, хлор ёрдамида тозалаш ҳам фойдали эканини айтишди.

Хуллас, Самарқандда шунақа гаплар. Умид қиламиз, вирус яқин кунларда тўлиқ бартараф этилади, уни юқтирганлар шифо топади ва ҳамма одатий ҳаёт тарзига қайтади. 

Бунинг учун ҳаммани энг аввало хотиржам бўлишга чорлаб қоламиз...

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ тайёрлади
Тасвирчи ва монтажчи: Фахриддин ҲОТАМОВ

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top