16:20 / 17.03.2020
112583
Ўзбекистонда коронавирус беморлари сони 11 нафарга етди

Дубайдан авиарейс орқали Тошкентга келган йўловчида ҳам коронавирус тасдиқланди. Айни вақтда Ўзбекистонда вирус юқтирганлар сони 11 нафарга етди.

Ўзбекистоннинг яна бир фуқаросида вирус аниқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов жонли эфирда маълум қилди.

«Айни вақтга келиб Ўзбекистонда 11 кишида коронавирус тасдиқланган. 

Олти киши хорижда вирус юқтирган ҳолда Ўзбекистонга келган. Франциядан келган бир кишида, бу биринчи ҳолат эди. Туркиядан келган уч кишида, Лондондан келган бир кишида вирус аниқланган. 

Бугун эса яна бир ҳолат аниқланди, у Тошкентга Дубайдан келганди. Унда касаллик белгилари аэропортдаёқ маълум эди. Унинг ҳарорати юқори бўлган ва текширувлардан кейин вирус тасдиқланган», деди у.

Айни вақтда барча беморлар ва вирус юқтиришда гумон қилинганлар стационарда жойлаштирилган. Улар билан алоқада бўлганлар ҳам тиббий кузатув остида бўлиб турибди.

Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусга чалинган илк бемор қайд этилди. Айни вақтга келиб бундай беморлар сони 11 нафарни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистонга коронавирус тўртта рейс орқали кириб келди.

Биринчиси, 11 март куни Париж-Тошкент рейси. Бу рейс орқали учган шифокор аёл Ўзбекистонда ўғли, қизи, турмуш ўртоғи, набираси ва қариндошига вирус юқтириб улгурди (6 бемор).

Иккинчиси, 15 март куни соат 05:15да Истанбул—Тошкент йўналишидаги 274- рейс (3 бемор).

Учинчиси, 14 март куни Лондон–Тошкент йўналишидаги 201-рейс (1 бемор). 

Тўртинчиси, Дубай–Тошкент йўналишидаги рейс (1 бемор).

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top