11:55 / 19.03.2020
52094
Хитойда коронавирус эпидемияси бошлангандан бери касалланишлар сони биринчи марта нолгача тушди

Хитойда коронавирус эпидемияси бошлангандан бери биринчи марта мамлакатда касалликни юқтириш ҳолатлари қайд этилмади, шифокорлар фақат ташқаридан олиб кирилган инфекция билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда Bloomberg Хитой соғлиқни сақлаш бўйича давлат комиссияси ва мутахассисларнинг маълумотларига таяниб хабар берди.

Фото: AP

Ўтган кун давомида 34та ҳолат аниқланди, аммо барча ҳолатларда бу мамлакатга ташқаридан олиб кирилган инфекциядир. Хубэй провинциясининг маъмурий маркази, март ойига келиб пандемияга айланган СOVID-19’нинг тарқалиши бошланган Уҳан шаҳрида бир кунда касалланиш даражаси нолга тенг бўлди. Агентликнинг Хитой расмийларидан олинган маълумотларга таяниб таъкидлашича, Хитой қолган қисмида етти кун ичида касалликнинг янги ҳолатлари қайд этилмаган.

Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактабининг юқумли касалликлар эпидемиологияси профессори Дэвид Хейманнинг фикрича, 60 миллион аҳолига эга бўлган Хубэй провинциясининг ўзидаги карантин чоралари шундай натижага олиб келди. Хитой давлат соғлиқни сақлаш комиссияси инфекциянинг ташқаридан олиб кирилишига қарши курашга бор эътиборни қаратди. Бир кунда аниқланган 34та ҳолатдан 21таси энг кўп одамлар келган Пекинда қайд этилди. «Агар вирус яна пайдо бўлса, у тезда йўқ қилинади», - дея таъкидлайди Жоржтаун университети соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик бўйича глобал марказ директори Ребекка Кац.

ХХР давлат соғлиқни сақлаш комиссияси маълумотларига кўра, 2019 йил декабрь ойи охирида бошланган эпидемияда касалланишнинг тасдиқланган ҳолатлари сони Хитойнинг материк қисмида 80 928тани ташкил этди. 19 март кунига келиб 3 245 киши вафот этди. Хубэй провинциясида бир суткада саккиз киши, улардан олти нафари Уҳанда ҳаётдан кўз юмди.

COVID-19 коронавирус пандемиясининг янги тури 160 мамлакатда тарқалди. Вирусдан қарийб 220 минг киши касалланди, 9 мингга яқин киши вафот этди. 18 март куни Европада вирус ўчоғи бўлган Италияда беморларнинг 475 нафари вафот этган, бу мамлакатда рекорд кўрсаткичдир. Италияда вирус тарқалиши бошланганидан буён 35713 киши уни юқтириб олган, вафот этганлар сони 2978 нафарга етган, 4025 киши тузалиб кетган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top