16:10 / 24.03.2020
82007
Ўзбекистонда коронавирус беморлари сони 50 нафарга етди

Хорижда бўлиб қайтган бемор билан мулоқотда бўлган яна бир фуқарода инфекция аниқланган.

«Айни пайтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 50 нафарни ташкил этмоқда. 

Ушбу инфекция хорижда бўлиб қайтган бемор билан мулоқотда бўлган яна бир фуқарода аниқланган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий канали хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда вирусдан зарарланишнинг илк ҳолати 15 март куни Париждан учиб келган фуқарода қайд этилган.

Кейинроқ Лондон, Истанбул, Дубай ва Москвадан келган авиарейслар йўловчиларида ва улар билан мулоқотда бўлганларда вирус аниқланди. 22 мартда улар қаторига Швейцарияда бўлиб қайтган бемор ҳам қўшилди.

Вазирлик маълумотига кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг 30 нафари чет элда бўлиб қайтган. 19 нафар фуқаро улар билан яқин мулоқотда бўлиб, Covid-19 юқтириб олган. Ҳозирда ушбу касалликка чалинган 20 ёшли фуқарони қайси ҳолатда ушбу инфекцияни юқтирганлиги аниқлаштирилмоқда.

Маълумотларга кўра, Франциядан келган беморнинг оила аъзолари ва яқинлари бўлган 14 киши ундан ушбу инфекцияни юқтириб олган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top