18:50 / 15.04.2020
16539
«Президент одамларнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш бўйича топшириқ берган» – Қўчқоров турмуш даражаси оғирлашишига қарши чоралар ҳақида

Банк-молия сектори брифингида иштирок этган Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров аҳолидан келиб тушган саволларга жавоб берди.

Карантин эълон қилингач, кўпчилик меҳнат таътилига чиқди, лекин карантин муддати қачонгача чўзилиши ва айнан қачон тугаши номаълум. Бундай ҳолатда аҳоли турмуш даражаси қийинлашишининг олдини олиш учун бирор чоралар кўриладими?

«Минг афсуски, карантиннинг қанчалик чўзилиши ҳақида аниқ бир гап айта олмаймиз. Бу бўйича ҳар хил прогнозлар бор. Карантиндан чиқиш менинг фикримча, босқичма-босқич содир бўлади.

Айтиб ўтилганидек, саноат, қурилишда, қаерда санитария талабларини бажариш имконияти бўлса, улар [карантиндан] чиқаверади. Қишлоқ хўжалигида карантинга эҳтиёж жуда ҳам кам. Табиийки, ҳозир экмасак, ўн беш кундан кейин экишнинг фойдаси ҳам йўқ.

Шунинг учун карантиндан қачон чиқамиз деган саволга жавоб бериш жуда ҳам қийин. Апрель ойида карантин давом этадиганга ўхшаяпти. Одамларимиз 15 мартдан бери уйларида ўтиришибди. Бу саволнинг тагида нима турганини яхши тушуняпман. Яъни бир қатор ривожланган мамлакатлар ва айрим қўшни мамлакатларда ишини йўқотган одамларга маълум бир тўловлар бериляпти.

Одамларга ёрдам кўрсатиш ҳақида гапирадиган бўлсак, карантин эълон қилинган биринчи кунлардан бошлабоқ президентимиз одамларнинг даромадини таъминлаш, уларнинг кайфиятини ўйлаш, уларнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш бўйича ҳукуматга топшириқ берган. Шу нуқтайи назардан бир нечта вариантлар ҳақида ўйлаб кўриляпти. Бу жуда ҳам катта маблағларни талаб қиладиган чора-тадбир. Гап бир неча миллион одам ҳақида кетяпти. Шунинг учун бу ҳақида гапиришимиз сал эртароқ.

Бугундан эътиборан уч иқтисодий идора (Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Марказий банк, Молия вазирлиги) юзага келган вазият, кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида тез-тез журналистлар билан мулоқот қиламиз», деди Қўчқоров.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top