14:37 / 12.12.2020
2444
“Ичимлик сувини етказишда йўқотишлар ошиб, тизимда оғир иқтисодий аҳвол юзага келган” – Навоий сув таъминоти корхонаси 
Фото: Getty Images

Навоийда 1 январдан ичимлик суви нархи уч баравар қимматлашиши ҳақида хабар берилганди. “Навоий сув таъминоти” МЧЖ мазкур хабарга расмий муносабат билдирди.

Унда таъкидланишича, Навоий вилояти аҳолисининг 64 фоизи (647 минг нафардан ортиғи) марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Шундан қишлоқ жойларида яшовчи 354,9 минг нафар аҳолига “Навоий сув таъминоти” МЧЖ, Навоий шаҳри маркази, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарлари ҳамда Конимех туманининг Зафаробод қўрғонига алоҳида тарифлар асосида вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК хизмат кўрсатиб келади. 

“Бугунги кунда “Навоий сув таъминоти” МЧЖ балансидаги мавжуд 199 та сув тарқатиш иншоотининг 28 таси, мавжуд 2 784,8 километр ичимлик суви тармоқларининг 463,4 километри таъмирлашга муҳтож бўлиб қолган. Шу билан бирга, сув тарқатиш иншоотларининг тармоқлари ва ускуналарининг муҳим қисми 50 йилдан кўпроқ вақт олдин ётқизилган. Оқибатда аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувида йўқотишлар ошиб, тизимда оғир иқтисодий аҳвол юзага келган.

Гарчи Инвестиция дастури асосида жорий йилнинг ўзида 42 млрд сўмлик 15 та янги лойиҳа амалга оширилган бўлса-да, инфратузилма эскиргани сабабли улардан самарали фойдаланиш имкониятлари ҳам етарли даражада эмас.

Ушбу муаммолар тизимда энергия истеъмолининг юқори даражада экани, эскирган тармоқларнинг ўз вақтида модернизация қилинмагани, моддий рағбатлантириш даражаси пастлиги сабаб соҳада малакали мутахассислар ва ишчилар етишмаслиги, ахборот-коммуникация технологиялари изчил жорий қилинмагани, моддий-техника базаси ривожланмагани туфайли келиб чиқмоқда. 

Яна бир муҳим жиҳат – вилоятда Осиё тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобидан жами 25,7 млн долларлик ичимлик суви таъминоти тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган 2 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, ушбу жалб қилинган маблағни қайтариб бориш ҳам янги тарифларда инобатга олинмоқда.

Маълумки, Президентнинг жорий йил 25 сентябрдаги тегишли фармонида сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тарифларнинг ўрнатилган тартибда шакллантирилиши ва белгиланишида истеъмолчилар учун кўрсатиладиган хизматлар таннархини тўлиқ қоплаш, ичимлик суви соҳасида модернизация қилиш харажатларини ҳисобга олиш белгиланган.

Шу асосида “Навоий сув таъминоти” МЧЖ томонидан ичимлик суви ва канализация хизматлари бўйича янги тарифлар бўйича асослантирилган ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси ва вилоят Молия бошқармасининг хулосалари олинди. Сўнгра янги тарифлар бўйича таклифлар халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида кўриб чиқилди.

Янги тарифга кўра, 2021 йил 1 январдан 1 м³ ичимлик суви аҳоли учун 3000 сўм, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун 7500 сўм, канализация хизматлари учун 1 м³ сув нархи аҳолига 2 700 сўм, бюджет ва улгуржи истеъмолчиларга 7 000 сўм этиб белгиланди.

Жамият томонидан таклиф этилган тариф ҳисобига вилоятда яқин йиллар ичида 28 та объект ҳамда эскирган 463,4 км қувурни модернизация қилиш, кўча колонкадан фойдаланувчи 21 минг истеъмолчининг хонадонигача сув тармоғи ўтказиб, ҳисоблагич ўрнатиш, олис ҳудудларда 25 минг нафарга яқин аҳолига марказлашган ҳолда ичимлик суви етказиб бериш, халқаро молиявий институтлар олдидаги қарз мажбуриятларини бажариш, 40 мингдан зиёд истеъмолчининг сув таъминотидаги узилишларини бартараф этиш, тармоқлардаги йўқотишларнинг олдини олиш, соҳага малакали мутахассисларни жалб этиш, моддий-техника базани янгилаш орқали аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш кўзда тутилмоқда.

2021 йилда ажратилиши режалаштирилган жами 26,8 млрд сўмлик бюджет маблағлари ҳисобидан эса Навоий шаҳри ва “Навоий” ЭИЗ ҳудудида янги сув тармоқлари тортилади, Ғозғон шаҳри ва Хатирчи туманида канализация хизматлари ташкил қилинади.

Навоийда ичимлик суви бўйича жорий қилинаётган янги тариф бошқа ҳудудлардаги нархдан фарқ қилишининг ҳам сабаблари бор. Ичимлик суви тарифларини белгилашда ҳудудларнинг географик жойлашуви, сув манбаларидан аҳоли пунктларигача бўлган масофалар, ичимлик суви ишлаб чиқаришга сарфланган харажатлар эътиборга олинади.

“Навоий сув таъминоти” МЧЖ истеъмолчиларга сув таъминотининг 70 фоиздан ортиғини  “Дамҳўжа сув таъминоти” МЧЖнинг Самарқанд вилоятидаги сув иншооти қувурлари орқали етказиб беради. Бу электр энергия сарфи камида 2 баравар ошишига олиб келади”, — дейилади муносабатда.

Top