10:53 / 12.01.2021
1851
Бино ва ўринлар камлиги учун салкам 1,2 млн нафар бола давлат боғчаларига боролмаяпти – ДХА

“Бўш ўринлар камлиги учун қарийб 1,2 млн нафар бола давлат боғчаларига бориш имкониятига эга эмас. Ҳар йили ўртача 700 минг нафар боладан 500 мингига боғчага йўлланмалар берилади, холос”, дейилади Давлат хизматлари агентлиги хабарида.

Фото: KUN.UZ

Давлат хизматлари ва Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида давлат боғчаларига навбат кўплиги сабаби ва ечимлари хусусида инфографика ишлаб чиқилди. Унда иккала ташкилотнинг муаммони бартараф этиш режаси ҳам баён этилган.

Ҳозирги пайтда республика бўйлаб 6021та давлат боғчалари мавжуд. Уларда 1 млн 540 минг 637 нафар тарбияланувчилар бор. Салкам 700 минг нафар бола ушбу боғчаларга навбат кутмоқда. Боғчаларнинг тарбияланувчиларни қамраб олиш даражаси атиги 55 фоизни ташкил этмоқда.

Айтилишича, асосий муаммо моддий-техник базанинг етишмаслигидир. Яъни бино ва ўринлар камлиги натижасида ҳар йили 1,2 млн нафар болада давлат боғчаларига бориш имкони мавжуд эмас. Ҳар йили ўртача 700 минг нафар боладан 500 минги боғчага йўлланма олади.

Ушбу муаммо келиб чиқишига асосий сабаб қабул тизими шаффоф ва коррупциядан холи бўлмаганлигидир. Янги тартибга кўра, тизим тўлиқ автоматлаштирилгач, боғчаларга навбат тартиб билан амалга ошириладиган бўлди. Шунингдек, боғчага жойлаштиришда шаффофлик таъминланди.

Давлат хизматлари агентлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги ушбу масала ечими бўйича режасини ҳам баён этган. Режага кўра, мактабгача таълим қамровини 100 фоизга етказиш учун 3-7 ёшдаги 1,2 млн нафар болани қамраб олиш лозим.

Бу бўйича кўрилаётган чоралар: янги боғчалар қуриляпти, нодавлат боғчаларни очиш рағбатлантирилмоқда, оилавий (уй) боғчалар очиляпти, узоқ вақт давомида фаолият юритмаётган боғчалар фаолияти қайта йўлга қўйилмоқда, болалар боғчаларининг муқобил шакллари жорий этилмоқда, дейилади ДХА тақдим этган инфографикада.  

Top