16:14 / 20.01.2021
11101
Байден президентлигининг илк кунида қандай фармонларни имзолаши маълум қилинди

Жозеф Байден АҚШнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш ҳамда Қўшма Штатларни Иқлим бўйича Париж шартномасига қайтариш тўғрисидаги фармонларни имзолайди.

Фото: Getty Images

АҚШнинг сайланган президенти Жозеф Байден президентлик лавозимининг биринчи кунидаёқ қатор фармонларни имзолашни кўзда тутмоқда. Бу ҳақда Байденнинг ўтиш жамоаси сайтида маълум қилинди.

Маълумот берилишича, Жозеф Байден жумладан, АҚШнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш ҳамда Қўшма Штатларни Иқлим бўйича Париж шартномасига қайтариш тўғрисидаги фармонларни имзолайди.

"Сайланган президент нафақат Трамп маъмурияти етказган жиддий зарарни камайтириш, балки мамлакатимизни олға бошлаш учун ҳам чоралар кўради", - дейилади баёнотда.

Доналд Трамп ўтган йил 29 майда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини Хитойнинг тўлиқ назорати остида эканликда айблаб, АҚШнинг ташкилотдан чиқиб кетишини айтганди. Қўшма Штатлар БМТга 2021 йил 6 июлдан ЖССТдан чиқиб кетишини маълум қилган.

Иқлим бўйича Париж келишуви 2015 йил 12 декабрда имзоланган. Трамп 2018 йилда ушбу келишув Америка иқтисодиётини секинлаштирганини айтиб, келишувдан чиқишга қарор қилганди.

Top