02:21 / 19.04.2021
11866
ОЧЛ. ОКМК Тожикистоннинг «Истиқлол» клубига мағлуб бўлди

Осиё Чемпионлар лигаси 2-тури доирасида Олмалиқнинг ОКМК клуби Душанбенинг «Истиқлол» жамоасига қарши майдонга тушди.

Турнирнинг дебютанти саналмиш икки жамоа ҳам дастлабки турда дуранг қайд этгани боис, бу баҳсда фақат ғалабани кўзлаганди. «Марказий Осиё дербиси» дея таъриф берилган баҳснинг биринчи бўлими якунида Йован Жокич ўз дарвозасига гол киритиб қўйди, - 0:1.
 
55-дақиқада тожикистонлик ҳужумчи Манучеҳр Жалилов фарқни иккитага оширган бўлса, икки дақиқа ўтиб Зафар Полвонов фарқни қисқартирди – 1:2.

Голдан руҳланган Миржалол Қосимов шогирдлари ҳужумкорликни оширганига қарамай, 81-дақиқада душанбеликлар яримҳимоячиси Муҳаммаджон Раҳимов қарши ҳужумда киритган голи билан ўйин масаласига деярли ойдинлик киритди – 1:3.

90-дақиқага келиб Зафар Полвонов дублга эришиб, фарқни яна биттага қисқартирган бўлса-да, буёғига Олмалиқ клуби ОЧЛ гуруҳ босқичидаги илк мағлубиятидан қочиб қутула олмади – 2:3.

Натижада, «Истиқлол» ушбу ғалаба эвазига очколари сонини 4тага етказиб, 2-ўринга чиққан бўлса, гуруҳдаги параллель учрашувда «Шабоб Ал Аҳли»ни мағлуб этган «Ал Ҳилол» ҳам очколари сонини 4тага етказиб тўплар нисбатига кўра 1-ўринга кўтарилди. ОКМК ва Жалолиддин Машарипов, Одилбек Ҳамробеков ва Азиз Ғаниевнинг жамоаси «Шабоб Ал Аҳли» гуруҳда 1 очко билан сўнгги ўринларда қолишди. Машарипов 3-турда ОКМКга қарши ўйинда майдонга қайтишини инобатга олсак, Қосимов шогирдларига кейинги баҳсда ҳам осон бўлмайди.

ОЧЛ. «A» гуруҳи. 2-тур.
18 апрель (якшанба)

ОКМК - «Истиқлол» (Тожикистон) - 2:3
Ар-Риёд, «Қирол Фаҳд» стадиони.
Ҳакам: Моҳд Амирул Изван (Малайзия)
Голлар: Йован Жокич 45+1 автогол, - 0:1 Манучеҳр Жалилов 55, - 0:2. Зафар Полвонов 57, - 1:2. Муҳаммаджон Раҳимов 81, - 1:3. Зафар Полвонов 90, - 2:3.
ОКМК: 35.Валижон Раҳимов, 20.Мирғиёс Сулаймонов (77.Дилшод Аҳмадалиев, 46), 8.Бобур Йўлдошев, 7.Сардор Раҳмонов, 2.Акром Комилов, 23.Йован Жокич, 17.Санжар Турсунов (4.Миржамол Қосимов, 85), 22.Санжар Шоаҳмедов (18.Александр Касьян, 56), 11.Мурод Тошматов (10.Ҳусниддин Ғофуров, 46), 9.Зафар Полвонов, 28.Шоҳрух Гадоев (94.Элвин Фортес, 72).
«Истиклол»: 1.Рустам Ятимов, 3.Андрей Мишченко, 6.Зоир Жўрабоев, 7.Ҳусейн Доган (19.Ахтам Назаров, 90), 8.Нуриддин Давронов, 10.Алишер Жалилов, 11.Муҳаммаджон Раҳимов (9.Рустам Соиров, 90), 21.Алексей Ларин, 55.Манучехр Сафаров (4.Ваҳдат Ҳанонов, 46), 63.Манучеҳр Жалилов, 70.Шаҳрам Сулаймонов.

«Шабоб Ал Аҳли» - «Ал Ҳилол» - 0:2

Top