14:15 / 10.05.2021
5735
АҚШда бензин нархи сўнгги етти йил ичида энг юқори даражага кўтарилиши мумкин

АҚШнинг энг йирик қувур линияси Colonial Pipeline’га уюштирилган киберҳужум натижасида компания фаолияти тўхтаб қолди. Киберҳужум тўлов дастуридан фойдаланган ҳолда амалга оширилганлиги айтилмоқда.

Фото: AP

АҚШнинг энг йирик қувур линияси Colonial Pipeline’га киберҳужум уюштирилди ва линия фаолияти тўхтаб қолди. Бу АҚШда сўнгги 7 йил ичида энг кучли ёқилғи нархининг кўтарилишига олиб келиши мумкин.

Bloomberg мутахассисларининг таъкидлашича, агар Colonial Pipeline қувури АҚШнинг Шарқий соҳилига ёзнинг бошига қадар ёқилғи етказиб беришни тикламаса, мамлакатда бензин нархи сўнгги етти йил ичида энг юқори даражага кўтарилиши мумкин.

Маълумотларга кўра, Қўшма Штатларда бир галлон (3,785 литр) бензиннинг ўртача нархи 2,96 долларни ташкил этмоқда. Агар қувурни тез орада тиклаш мумкин бўлмаса, ёз ойининг бошларига келиб, бир галлон бензин нархи 3 доллардан ошиб кетиши мумкин.

Таъкидланишича, нефть маҳсулотлари етказиб беришнинг бошқа муқобил йўллари қидирилмоқда. Хусусан, уни Мексика кўрфазидаги танкерлардан фойдаланган ҳолда ташиш ва сақлаш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Kinder Morgan томонидан бошқариладиган Plantation Pipeline қувури ҳам Colonial Pipeline’га альтернатив сифатида танланиши мумкин. Бироқ, унинг ўтказувчанлиги бор-йўғи 720 минг баррелни(суткасига) ташкил этади. Бу Colonial Pipeline'га нисбатан( 3,4 миллин баррель суткасига) қарийб 5 баробар кам дегани.

АҚШнинг Шарқий соҳил аҳолисининг тахминан 45 фоизини таъминлайдиган компания тизимларига киберҳужум тўлов дастуридан фойдаланган ҳолда амалга оширилганлиги айтилмоқда. Хабарларга кўра, ҳужумнинг ортида ўзларини DarkSide деб номлаган хакерлар гуруҳи турган бўлиши мумкин.

Ҳодиса фонида Colonial Pipeline компанияси ишни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди. Раҳбариятнинг сўзларига кўра, ишни тиклаш ва нормал ишлашга қайтиш жараёни аллақачон бошланган.

Top