18:15 / 23.05.2021
1135
Бухорода автомобиль олиб қочган шахсга жиноий иш қўзғатилди

Бухоро вилояти Жондор туманида олиб қочилган автомобиль ИИБ ходимлари томонидан топилиб, эгасига қайтарилган. Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 19 май куни соат 01:00 ларда Р.Ҳасан 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, шу куни соат 00:30 ларда Жондор тумани Далмун қишлоғида жойлашган яшаш хонадони дарвозахонаси олдида турган Spark автомашинасини номаълум шахс олиб қочиб кетганини маълум қилган. 

Шундан сўнг, ушбу автомашинани қидириб топиш мақсадида, вилоят миқёсида «Тўсиб ушлаш» тадбири эълон қилиниб, барча ЙПХ масканларига, ЙҲХБ ходимларига бу ҳақда хабар берилган. Натижада Р.Ҳасанга тегишли автомашина Жондор тумани Оқработ қишлоғида яшовчи 25 ёшли Б.Рўзи томонидан олиб қочилгани аниқланиб, автомашина Беклар қишлоғи ҳудудидан топилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жондор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Б.Рўзи процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда. Тергов давом этмоқда.

Top