00:39 / 09.07.2021
3420
Қатар 12 июлдан туристик визалар беришни бошлайди
Фото: Reuters

Қатар коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилда берилиши тўхтатиб қўйилган оилавий ва туристик визаларни 12 июлдан яна беришни бошлайди. Бу ҳақда амирликнинг Twitter’даги саҳифасида маълум қилинган.

8 июлда Қатар соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатга киришнинг янги қоидаларини эълон қилди. Уларга кўра, Қатарга келувчилар эмланмаган бўлсалар, келаётган давлатларида амирлик соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маъқулланган клиникада ПЦР-тест топширишлари керак бўлади. Тест Қатарга келишдан олдин 72 соат ичида топширилган бўлиши лозим. Амирликка келгандан кейин карантин чораларига амал қилиш зарур бўлади. 

Қатарда қўлланишига рухсат берилган вакцина билан эмланганларга мамлакатга киришга рухсат берилади. Айни вақтда Қатарда Pfizer ва BioNTech ҳамда Moderna вакциналари қўлланмоқда.

Бундан ташқари, амирлик фуқаролари ва резидентлари ҳамда хорижликлар Қатарга келиш олдидан www.ehteraz.gov.qa сайтидаги рўйхатдан ўтиш варақасини тўлдиришлари керак бўлади.

Қатарда оилавий ва туристик визалар берилиши коронавирус тарқалиши ортида 2020 йил мартида тўхтатиб қўйилганди.

Амирликда аҳолини 2020 йил декабридан бошлаб коронавирусга қарши эмлаш бошланган ва ҳозирда жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Аҳолининг эмлаш билан қамраб олингани бўйича амирлик дунёдаги энг юқори ўринлардан бирини эгалламоқда. 

Top