09:48 / 02.09.2021
21354
Сурхондарёда ҳам спортчига бир гуруҳ шахслар ҳужум қилгани маълум бўлди

Интернетда видеоси тарқалаётган ҳодиса шу йил май ойида Денов туманида рўй берган. 7 киши ҳибсга олиниб, улар устидан очилган жиноят иши судга юборилиш арафасида турибди.

Сурхондарё вилояти Денов туманида бир гуруҳ шахслар совуқ қуроллар билан спортчига ҳужум қилган. Интернетда ҳодиса видеоси тарқалгач, Бош прокуратура воқеа шу йил май ойида рўй берганини маълум қилди.

Идора матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳолат юзасидан 29 май куни Денов тумани ИИБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Тергов давомида 7 нафар шахс айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, барчасига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Қайд этилишича, тергов ҳаракатлари 23 август куни тамомланган. Ҳозирда жиноят иши судга юборилиш арафасида турибди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Қарши туманида бир гуруҳ шахслар спорт мураббийи Элбек Раҳимовни ўлдириб кетган эди.

Top