16:33 / 08.10.2021
3943
Янги нашриётнинг илк туҳфаси — Эрих Мария Ремаркнинг «Қора ҳайкал» романи китобхонларга тақдим этилди

Асарда ўтган асрнинг икки йирик фожиаси – Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши оралиғидаги ҳаёт, инсонларнинг кайфияти, йўқотилган авлод, ҳаётий қадриятлар ҳақида сўз боради.

Мамнуният билан айта оламизки, бугунги кунда Ўзбекистонда китоб саноати, китобхонлик янги ва ўзига хос босқичга кўтарилди. Шунингдек, жаҳон адабиёти дурдоналари таржималари устида ҳам салмоқли натижалар кўзга ташланмоқда.

Нодирабегим Иброҳимова, адиба, журналист:

– Йўқотилган авлод ёзувчилари туркумига кирувчи, Биринчи жаҳон уруши иштирокчиси Эрих Мария Ремарк ўзининг китоблари билан уруш кўрган инсонларнинг кайфияти, руҳияти, ички кечинмаларини ёрқин очиб берган ёзувчи ҳисобланади. Ҳозирда ўзим ҳам унинг “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” романини мутолаа қилмоқдаман. Айтиш керакки, ушбу асар учун Ремарк фашистлар томонидан узоқ вақт таъқиб қилинган, ҳаттоки фуқаролигидан маҳрум қилинган. Умри қочқинликда ўтган Ремарк кўплаб асарлар битди. Мана бугун “Factor press” нашриёти томонидан “Қора ҳайкал” романи ҳам чоп этилибди. Бу китоб Ремарк мухлисларига ажойиб совға бўлди, деб ўйлайман.

Саодат Абдураҳмонова, таржимон:

– Немис ёзувчиси Эрих Мария Ремарк “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ”, “Уч оға-ини”, ва “Лиссабондаги тун” асарлари билан ўзбек аудиториясига яхши таниш. Ўзбек китобхонлари мазкур асарларни илиқ кутиб олгани боис, ёзувчининг яна бир китоби “Қора ҳайкал” романини ҳам ўзбек тилига таржима қилиш фикри туғилди ва “Factor press” нашриёти билан ҳамкорликда ушбу лойиҳани амалга оширишга киришдик. Ремарк мазкур асарида ўтган асрнинг йигирманчи йилларидаги Германия ҳаётини тасвирлайди. Унда ўтган асрнинг икки йирик фожиаси – Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши оралиғидаги ҳаёт, инсонларнинг кайфияти, йўқотилган авлод, ҳаётий қадриятлар ҳақида сўз боради.

Бу билан параллел равишда, муаллиф инсон ўзи нега яшайди, ҳаётнинг, диннинг моҳияти нимада деган саволларга жавоб излайди.

Соҳибжамол Каттаева, нашриёт раҳбари:

– Нашриёт фаолияти бошланганига беш ой тўлган бўлса, Эрих Мария Ремаркнинг “Қора ҳайкал” китоби бизнинг илк катта лойиҳаларимиздан бири эди. Китоб устида беш ой давомида иш олиб борилди. Нашриёт жамоаси асосан ёшлардан ташкил топган бўлишига қарамасдан ҳар бир ишимиз йиллар давомида ўз устида ишлаб келган, катта тажрибага эга бўлган устозлар билан ҳамкорликда, бамаслаҳат олиб борилмоқда. Ремаркнинг “Лиссабондаги тун” асари таржимасини таҳрирлаган устозимиз Саиджалол ака Саидмуродов китобни таҳрирлашда яқиндан кўмак бердилар. Келгусидаги бошқа барча режаларимиз қатори Ремаркнинг яна иккита китоби таржимасини китобхонларга тақдим этмоқчимиз. Китобнинг таржимаси, меҳнатимизга бериладиган холис баҳони китобхонлардан кутиб қоламиз.

Китобхонликни ривожлантириш, муносиб рағбатлантириш мақсадида эса нашриёт ҳам айни чоп этилган китоб доирасида кичик совринли танлов эълон қилган. Танлов китоб юзасидан икки босқичли савол-жавоб шаклида нашриётнинг Telegram’даги расмий саҳифаси https://t.me/factor_books’да жорий йилнинг 31 октябрь санаси 21:00да ўтказилади. Ғолиб бўлган иштирокчиларга:

1-ўрин – 500.000 сўм ва нашриёт китоблари тўплами;

2-ўрин – 300.000 сўм ва нашриёт китоблари тўплами;

3- ўрин – 100.000 сўм ва нашриёт китоблари тўплами совға қилинади.

Қўшимча маълумотлар ва китобни буюртма қилиш учун: +998950359511 

@factorbooks_info

Ижтимоий реклама

Top