07:31 / 01.11.2021
7065
Ўзбекистонлик мигрантларнинг Кореяга киришини қисман тиклаш режалаштирилмоқда

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг вице-президенти билан учрашув ўтказди. 

Фото: Kun.uz

Агентлик хабарига кўра, учрашувда меҳнат миграцияси жараёнларини босқичма-босқич тиклаш масаласи кўтарилди. Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик зарарланиш ҳолатлари камайгани ҳамда мавжуд вакцина турлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Вице-президентнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари кириб келишини қисман тиклаш режалаштирилмоқда. Бунда, биринчи навбатда тўлиқ эмлашдан ўтган, 4 йил-у 10 ой Корея Республикасида бир корхонада ишлаб қайтган фуқароларни киритиш кўзда тутилгани маълум қилинди. 

Ўз навбатида, меҳнат мигрантларининг Корея Республикасига мунтазам кириб келишини таъминлашда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳим ўрин эгаллаши таъкидланди.

Шунингдек, учрашувда танловлар базасида муддат қўшиб берилган фуқароларга иккинчи бор муддат қўшиб бериш бўйича ҳам музокаралар олиб борилди ва мазкур масала Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан яқин кунларда кўриб чиқилиши қайд этилди.

Top