09:06 / 11.12.2021
3572
“Фарғонаазот” устав капиталидаги 99 фоиз акция пакетлари сотувга қўйилди

Минерал азотли ўғитлар, дефолиантлар ва целлюлоза ацетатлар ишлаб чиқарувчи йирик корхона “Фарғонаазот” АЖ хусусийлаштирилади.

Фото: XS.uz

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Фарғонаазот” АЖ устав капиталидаги 99,02 фоиз акция пакетларини сотиш режасини эълон қилди.

Қайд этилишича, компания Ўзбекистон президентининг 2021 йил 13 февралдаги фармонига мувофиқ хусусийлаштирилмоқда.

Сотиш жараёни иштирокчилар учун очиқ бўлган рақобат муҳити асосида ташкил этилади. Жараён манфаатдор иштирокчилардан мажбурий бўлмаган, сўнгра мажбурий бўлган таклифларни олишдан ва бир ёки бир нечта манфаатдор номзодлар билан кейинги музокараларни ўтказишдан иборат бўлади.

Deloitte TCF LLP компанияси актив битими бўйича агентликнинг етакчи маслаҳатчиси ҳисобланади, Халқаро молия корпорацияси ҳам компанияни хусусийлаштиришга ёрдам беради.

Маълумот учун, “Фарғонаазот” АЖ 1962 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистонда минерал азотли ўғитлар, дефолиантлар ва целлюлоза ацетатлар ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири ҳисобланади.

Корхона 3 та асосий комплексга бўлинган:

  • Минерал ўғитларни ишлаб чиқариш: АМ-76 кенг кўламли аммиак агрегати, концентрацияланмаган АК-72М азот кислота ва АS-72М аммиакли селитра ишлаб чиқариш, карбамид ишлаб чиқариш;
  • Натрий хлор ва магний хлорат дефолиантини ишлаб чиқариш;
  • Ацетат толаси ва целлюлозанинг мураккаб эфирларини ишлаб чиқариш.

Бундан ташқари, азот-фосфор ўғитлари AFO, КАS суюқ ўғити, суюлтирилган азот-калцийли ўғит, "Darmon" иссиқхона хўжаликлари учун ўғитлар, натрий нитрати, натрий бикарбонати, полиэтилен пакетлар, минерал ўғитларни контейнерлар билан таъминлаш учун полиэтилен қоплар ва бошқа цехлар мавжуд. Корхонанинг жами ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,8 миллион тонна ўғитни ташкил қилади.

Давактив агентлигига кўра, 2020 йил якуни бўйича компаниянинг соф фойдаси 292,6 миллиард сўм (2019 йилда 220 миллиард сўм)ни ташкил этган, 2021 йил якунига мувофиқ мазкур кўрсаткичнинг ўсиши кутилмоқда. 

Top