16:54 / 02.01.2022
12792
ЖССТ раҳбари: Пандемия 2022 йилда тугаши мумкин

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус агар вакциналар тақсимотидаги адолатсизлик ва нотенглик бартараф этилса, 2022 йил коронавирус пандемиясининг сўнгги йили бўлишини таъкидлади.

Фото: voanews.com

Ўзининг Янги йил мурожаатида Гебрейесус ковиднинг янги “Омикрон” варианти пайдо бўлиши сабабини “тор миллатчилик ва айрим давлатлар томонидан вакциналарнинг ҳаддан зиёд захира қилингани” билан тушунтирди, деб ёзади BBC.

ЖССТ бир неча бор ўз фуқароларига сўнгги вақтларда учинчи бустер эмлашни таклиф қилаётган бой давлатларни танқид қилган, ҳолбуки жаҳоннинг кўплаб минтақаларида аҳолининг катта қисми ҳали биринчи эмлашдан ҳам ўтишмаган.

ЖССТ раҳбарининг фикрича, бундай ёндашув «Омикрон» пайдо бўлиши учун идеал шароитларни яратган». «Адолат принципи қанчалик узоқ поймол этилар экан, бу вируснинг келгуси ўзгаришлари таҳдиди шунчалик юқори бўлади ва уни биз на бартараф эта оламиз, на олдиндан айта оламиз», — деган Гебрейесус.

Экспертларнинг фикрича, вируснинг янги мутациялари унинг фаол тарқалиш жараёнида — жаҳоннинг турли давлатларида кўпроқ инсонлар юқтира бошласа, пайдо бўлади. «Омикрон»нинг тарқалиши жаҳонда касалланиш даражасини кескин ошириб юборди, лекин дастлабки маълумотларга кўра, бу вариант касалликнинг енгилроқ кечишига сабаб бўлмоқда ва вирус юқтирганлар касалхоналарга камроқ тушишмоқда.

Лекин жаҳон давлатлари ҳукуматларининг хабар беришларича, касалланганлар ва ўз-ўзини изоляция қилишга мажбур бўлаётганларнинг сони ортиб бораётганлиги сабабли давлат ва хусусий корхоналарнинг, жумладан, авиатранспорт, соғлиқни сақлаш, полиция ва ўт ўчириш хизматларининг иш режими бузилмоқда. Сўнгги кунларда “Омикрон” сабабли жаҳон бўйлаб минглаб рейслар бекор қилинган.

Гебрейесуснинг таъкидлашича, пандемиянинг уч йили мобайнида дунё ковидга қарши кўплаб таъсир чоралари ишлаб чиққан, жумладан, 8,5 миллиарддан ошиқ эмлаш амалга оширилган, бу эса миллионлаб ҳаётни сақлаб қолган. «Биз ҳозир пандемиянинг учинчи йилига қадам босмоқдамиз, аминманки, бу йил ичида биз уни енгамиз, фақат бу ишни ҳамжиҳатликда амалга ошира олсак, — деган ЖССТ раҳбари. — Агар биз адолатсизликка чек қўя олсак, пандемияни ҳам бартараф эта оламиз».

Аввалроқ, ЖССТ жаҳоннинг бутун давлатларида камида 40 фоиз аҳолини вакцинация қилиш вазифасини ўз олдига қўйган эди, бироқ Африканинг катта қисмида бу мақсад амалга ошмаган. Энди ташкилот пандемияни тугатиш учун 2022 йилнинг июлига қадар сайёрамизнинг 70 фоиз аҳолисини эмлаш керак, деб ҳисобламоқда.

Жон Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, шу вақтгача жаҳонда ковид юқтиришнинг 288,3 миллион ҳолати қайд этилган ва 5,4 миллион киши вафот этган.

Пандемия бўйича бошқа хабарлар:

  • Омикрон илк бор аниқланган ЖАРда тунда кўчага чиқишга қўйилган тақиқ бекор қилинди. Ҳукумат янги вариант пик давридан ўтганини айтмоқда.
  • Германиялик вирусолог Христиан Дростен ZDF телекомпаниясига берган интервьюсида омикрон соғлиқ учун оғир оқибатлар келтириб чиқармаслигини эътиборга олган ҳолда, жорий қиш «аввалгиларига қараганда нормал» кечиши ҳақида гапирган.
  • Дунёнинг бир неча мамлакатида, жумладан Буюкбритания, Италия ва Грецияда касалланиш ҳолатлари бўйича пандемия бошидан буён рекорд кўрсаткичлар қайд этилди.
  • Бутун дунё бўйлаб авиакомпаниялар ходимлари касалланиши туфайли рейслар бекор қилиниши давом этмоқда, шундай минглаб ҳолатларнинг ярми АҚШга тўғри келади.
  • Франция соғлиқни сақлаш хизмати вакиллари маълум қилишича, омикрон мамлакатда энг кенг тарқалган вариантга айланди. Президент Эмманюэль Макрон кейинги бир неча ҳафта мамлакат учун қийин кечишини айтди.
  • Исроил ковидга қарши вакцинанинг тўртинчи дозаси маъқулланган илк давлатлардан бири бўлди.
Top