04:16 / 06.03.2022
45548
Ўзбекистон U-23 жамоаси билан Осиё чемпиони бўлган футболчининг ёши ва исми ўзгартирилган бўлиб чиқди

Фарғонанинг «Нефтчи» ва Термизнинг «Сурхон» клубларидаги ўйини билан танилган яримҳимоячи Ҳусниддин Ғофуровнинг исми ва ёши ўзгартирилган бўлиб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси хабар берди.

Маълум бўлишича, футболчининг исми Ҳусниддин эмас, Анваржон. У аввал қайд этилганидек 1997 йил эмас, 1995 йилда туғилган.

 Ўнг томонда, «Сурхон» сардори
Фото: Tribuna.uz

ЎФА баёнотида айтилишича, футболчи укасининг номига расмийлаштирилган паспорт билан футбол ўйнаб юрган. Бу ишни қилганини ўзи тан олгани ва унинг футболдаги иқтидорини инобатга олган ЎФА футболчига янги ном билан меҳнат шартномаси тузишга рухсат берган.

«Ўзбекистон футболчилари уюшмасининг ЎФА Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмитасига юборган хатига мувофиқ футболчи Ғофуров Aнваржон Ҳусанбой ўғлининг ҳақиқий шахсий маълумотлари ва исм-фамилияси бўйича ҳужжатларни расмийлаштирилиши билан боғлиқ масала кўриб чиқилган.

Қўмита йиғилишида футболчи Ғофуров Aнваржон Ҳусанбой ўғлининг вакили сифатида иштирок этган Ўзбекистон футболчилари уюшмаси раиси Камолиддин Мурзоев футболчи ҳақиқатда ҳам бундан бир неча йил аввал, ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли ўзининг маълумотларини, аниқроғи паспортидаги исми ва фамилиясини укаси Ғофуров Ҳусниддин Ҳусанбой ўғли номига расмийлаштиргани ва айнан ушбу исм-фамилия остида фаолиятини давом эттирганини таъкидлаб ўтди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Бувайда туман судининг 2020 йил 3 март кунидаги ҳукмига кўра, Ғофуров Aнваржон Ҳусанбой ўғлини укаси Ғофуров Ҳусниддин Ҳусанбой ўғли билан бир-бирларининг шахсий маълумотлари ва исм-фамилияларини алмаштирган ҳолда расмийлаштирилган фуқаролик паспортлари белгиланган тартибда йўқ қилиниб, уларнинг ҳақиқий шахсий маълумотлари ва исм-фамилиялари бўйича фуқаролик паспортлари расмийлаштирилиши таъминланган.

Қўмита ушбу вазиятни ўрганиш давомида футболчи ҳақиқатда ҳам бунга ўзи истамаган ҳолда ўша вақт фаолиятини бошлаган мураббийлари ва ота-онаси қистови билан розилик берган, деган хулосага келди.

Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси футболчини ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли ҳужжатларини укасининг шахсий маълумотлари асосида расмийлаштиргани, бу вазиятдан чиқиш учун ёрдам сўраб мурожаат қилаётгани, унинг футболдаги иқтидор ва қобилиятини инобатга олган ҳолда унинг ўзига тегишли шахсий маълумотлари асосида расмийлаштирилган меҳнат шартномаси ва бошқа ҳужжатларини Ўзбекистон Профессионал футбол лигасидан рўйхатдан ўтказишга рухсат беришни ҳамда Ғофуров Aнваржон Ҳусанбой ўғлига жарима интизомий жазо чорасини қўллаш масаласини кўриб чиқишни Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасига ҳавола этишни лозим топди», дейилган ЎФА баёнотида.

Маълумот учун, ҳақиқий исми-шарифи Анваржон Ғофуров бўлган футболчи 2018 йил Хитой майдонларида ўтказилган Осиё чемпионати U-23 баҳсларида иштирок этган ва Ўзбекистон сафида олтин медални қўлга киритган. Саралашда ва мусобақа давомида бирорта ўйинда иштирок этмаган футболчи якунда барча футболчилар қаторида давлат томонидан «Малибу» автомобили билан тақдирланган. Мусобақада Ҳусниддин Ғофуров номи билан рўйхатга олинган футболчи 1997 йилда туғилгани қайд этилган.

Фото: Wikipedia

Ҳозир эса «Нефтчи» сафида Анвар Ғофуров сифатида ПФЛ қайдномасига киритилган футболчи 1995 йилда туғилгани кўрсатилган. Қизиғи, у «Нефтчи» сафида мавсум аввалида Ҳусниддин Ғофуров сифатида таништирилган, Суперлига 1-турида эса Анвар Ғофуров сифатида майдонга тушган.

Фото: PFL

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев футболчининг исми ва ёши ўзгартирилгани 2020 йил суд томонидан аниқланганига қарамай, у 2021 ва 2022 йилги мавсумларда ҳам Ҳусниддин Ғофуров сифатида майдонга тушганига эътибор қаратган.

Мавзуга оид
Top