08:48 / 30.06.2022
5914
Санкцияга учраган россияликларнинг 30 млрд долларлик активлари блокланди

Украинага бостириб кириш сабабли турли санкциялар остида қолган россияликларнинг блокланган ва музлатилган активлари миқдори 30 миллиард долларга етди. Марказий банкнинг музлатилган активлари яна 300 миллиардга баҳоланмоқда.

Фото: Getty Images

2022 йилнинг март ойидан бери санкцияларга дучор бўлган россияликларнинг дунё бўйлаб 30 миллиард доллар миқдоридаги активлари блокланган ва музлатилган. Бу ҳақда 29 июнь, чоршанба куни чоп этилган Россия элитасининг активларини тинтув қилиш ва хатловга олиш бўйича халқаро гуруҳнинг қўшма баёнотида айтилади.

Жорий йилнинг март ойида ташкил этилган «Россия элиталари, ишончли вакиллари ва олигархлари» (REPO) гуруҳи Европа, Буюк Британия, АҚШ, Япония, Австралия ва Канада молия, адлия ҳамда ички ишлар вазирликлари вакилларидан иборат. Ташкилотнинг вазифаси «Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан санкция қўйилган жисмоний ва юридик шахсларнинг активларини аниқлаш, чеклаш, музлатиш, мусодара қилиш учун барча мавжуд ҳуқуқий воситалардан биргаликда фойдаланиш», дейилади REPO хабарида.

Биринчи юз кунлик иш натижаларига кўра, гуруҳ 30 миллиард долларлик молиявий-иқтисодий активлар, шунингдек, Россия Марказий банкининг 300 миллиард долларлик активлари музлатилганини маълум қилди. Бундан ташқари, россиялик миллиардерларга тегишли яхталар ва кўчмас мулклар топилди ва блокланди. REPO ишнинг биринчи натижаларини сарҳисоб қилиб, Россиянинг жаҳон молия тизимига кириши чекланганини эълон қилди, «чунки Россияга Украинада адолатсиз уруш олиб бориш учун зарур бўлган технологияларни сотиб олиш қийинлашди». 

Гуруҳ, шунингдек, ўз мақсадларига эришиш учун хусусий сектор, марказга кирмайдиган давлатлар билан ҳамкорлик қилиши, турли реестрлардан, жумладан, банк ҳисоблари ва бенефициар эгаларидан фойдаланишини хабар қилди. «REPO иши ҳали якунлангани йўқ», — дейилади марказ хабарида. 

Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ҳам Европа давлатларини Россия Марказий банкининг музлатилган активларини хатловга олиш ва улардан урушдан кейин Украинани қайта тиклаш учун фойдаланиш масаласини кўриб чиқишга чақирди. Германия молия вазири Кристиан Линднер «катта еттилик» ва Европа иттифоқи бу масалани муҳокама қилаётганини тасдиқлади. «Сиёсий маънода мен Россия Марказий банкининг хорижий активларини мусодара қилиш ғояси тарафдориман», деб тан олди у. 

Линднернинг сўзларига кўра, россиялик жисмоний шахсларнинг музлатилган активлари масаласида қонун рухсат берган имкониятларни ўрганиш керак. «Биз россиялик олигархлар билан иш кўрганимизда ҳам қонун устуворлигини ҳурмат қилишимиз керак», деганди вазир май ойида.

Украина президенти Володимир Зеленский ва бош вазир Денис Шмигал Россия босқинидан кейин Украина иқтисодиёти ва инфратузилмасини тиклаш харажатларини 600 миллиард долларга баҳолади. Украина иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Денис Кудин май ойида Киев ғарб ҳамкорлари билан биргаликда Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан 415 миллиард доллардан бу мақсадларда фойдаланиш механизмини ишлаб чиқаётганини айтди. 

Top