09:46 / 18.07.2022
26774
Россия полицияси журналист Марина Овсянниковани қўлга олди

Марина Овсянникова Москванинг Красноселский тумани полиция бўлимига олиб келинди, деб хабар берди «ОВД-Инфо». Икки кун аввал «Первый канал»нинг собиқ ходими Кремль олдидаги пикетга «Путин – қотил» плакати билан чиққан эди.

Фото: МАРИНА ОВСЯННИКОВА

Россия полицияси Москва областида собиқ журналист, Первый канал»нинг собиқ ходими Марина Овсянниковани қўлга олди. Буни 17 июль, якшанба куни унинг Telegram-каналида эълон қилинган суратлар тасдиқлайди. 

«ОВД-Инфо» инсон ҳуқуқлари лойиҳасига кўра, адвокат аёл билан боғлана олмаяпти. Кейинроқ ҳуқуқ ҳимоячилари Овсянникова Москванинг Красноселский тумани полиция бўлимида эканлиги ҳақида хабар беришди. Адвокат Дмитрий Захватов унинг олдига йўл олди.

Икки кун аввал, 15 июль куни Марина Овсянникова Кремль олдида урушга қарши пикетга чиқди ва «Путин — қотил. Унинг аскарлари — фашистлар. 352 бола ҳалок бўлди. Сиз тўхташингиз учун яна қанча болалар нобуд бўлиши керак?» деб ёзилган плакатни кўтариб олди. Бироқ, у Софийская қирғоғи бўйидаги митинг пайтида қўлга олинмаган. 

Март ойининг ўрталарида Овсянникова, «Первый канал»да кечки янгиликлар муҳаррири бўлиб ишлаётганда, «No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизга ёлғон гапиришяпти. Russians against war» плакати билан тўғридан тўғри эфирга чиқиб кетганди. Бундан олдин у видеомурожаат ёзиб қолдирган: «Ҳозир Украинада содир бўлаётган воқеалар жиноятдир. Россия босқинчи давлат ва бу тажовуз учун фақат бир киши жавобгар. Бу шахс Владимир Путиндир». Натижада, Овсянникова митинг ўтказишнинг белгиланган тартибини бузганлик ҳақидаги маъмурий модда бўйича, акция олдидан ёзиб олинган видео туфайли 30 минг рубль миқдорида жаримага тортилди. 

Апрель ойи бошида Берлинда жойлашган Axel Springer медиаконцерни Овсянникова Германиянинг Welt янгиликлар телеканалига ишга олинганини эълон қилди. Уч ой ўтгач, шартнома тугади ва у Россияга қайтиб келди. 

Германиянинг «Озодлик учун ОАВ мукофоти» («Freiheitspreis der Medien») лауреати бўлган Овсянниковага охир-оқибат мукофотни топширмасликка қарор қилинди. Май ойида у «Ижодий норозилик учун» Ватслав Гавел мукофотини олди. 

Top