08:47 / 07.09.2022
7407
ЕИ Грузия қандай шартда ташкилотга номзод бўлишини маълум қилди

Грузия ва Европа иттифоқи вакиллари муносабатларни янги босқичга кўтариш масаласини муҳокама қилди. Европа иттифоқи Грузияда суд-ҳуқуқ ислоҳоти, қонун устуворлиги ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини кўрмоқчи. Тбилиси барча шартларни бажаришга ваъда бермоқда. 

Фото: Shutterstock

6 сентябр, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ-Грузия ассоциацияси кенгашининг еттинчи йиғилиши иштирокчилар томонидан тарихий деб аталди. Бу Европа иттифоқи ва Грузия ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичида унга «Европа истиқболи» тақдим этилганидан кейинги биринчи учрашувдир. Ўз навбатида, Молдова ва Украина аллақачон ЕИга кириш учун номзод мақомини олган. 

Тбилиси Европа иттифоқига муваффақиятли ўтиш учун суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, қонун устуворлиги ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги соҳаларида кўпроқ саъй-ҳаракатларни амалга ошириши керак, деди Европа иттифоқи олий дипломати Жозеп Боррел Грузия делегацияси билан давра суҳбатидан сўнг ўтказилган қўшма матбуот анжуманида. Бундан ташқари, у мамлакатда Европа иттифоқига қўшилиш бўйича миллий консенсусга эришилиши ва Грузиянинг бутун сиёсий спектри ЕИга интеграциялашув жараёнига жалб этилиши кераклигини таъкидлади. Боррел бу вазифаларни амалга ошириш учун асосий масъулиятни ҳукмрон «Грузия орзуси» партиясига юклади. 

Брюссел ва Тбилиси ўртасидаги мулоқотнинг асосий мавзулари орасида Россиянинг Украинага қарши уруши, шунингдек, Грузиянинг айирмачилик кайфияти мавжуд ҳудудларидаги вазият бор. Европа дипломатияси раҳбари ЕИ Грузия ҳудудий яхлитлигига содиқлигини таъкидлаб, уни киберхавфсизлик ва дезинформацияга қарши кураш соҳасида алоҳида қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили матбуот анжуманида унинг ҳукумати Европа иттифоқининг барча мезонларига риоя қилишга содиқ эканини ҳамда барча сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти билан ишлашга тўлиқ тайёр эканини таъкидлади. Шу билан бирга, у «айрим радикал сиёсий партиялар бу жараёнда иштирок этмаётганига» ишора қилди.

У 2008 йилги уруш туфайли бошланган «Россия билан можаро тинч йўл билан ҳал этилиши»га умид билдирди ва Грузия ҳудудининг 20 фоизи Россия Федерацияси томонидан босиб олинганини эслатди.

3 март куни Грузия Молдова билан биргаликда Украинадан кейин тезлаштирилган тартиб асосида Европа иттифоқига кириш учун ариза топширди. Дастлаб, Грузия ҳукумати 2024 йилда ариза беришни режалаштирган эди, бироқ Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг «сиёсий контекст ва янги воқелик асосида» жараённи тезлаштирди, деди ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси раҳбари Ираклий Кобахидзе.

23 июнь куни ЕИ давлатлари Украина ва Молдовани тан олди, лекин Грузияни ЕИ аъзолигига номзод сифатида тан олмади. Тбилиси бўйича ўша куни ЕИ кенгаши раҳбари Шарл Мишел шундай деди: «Биз устуворликлар (Европа комиссияси таклиф қилган шартлар) амалга ошиши биланоқ Грузияга номзод мақомини беришга тайёрмиз». Грузияга «Европа истиқболи» мақоми берилди. Европа комиссияси унинг Европа интеграцияси йўлида олға бориши учун 12 мезондан иборат рўйхатни илгари сурди.

Евроиттифоқ ва Грузия ўртасидаги ассоциация тўғрисидаги битим 2014 йил июнидан бери амал қилади. Брюссел ҳар йили уни амалга ошириш бўйича ҳисоботларни тақдим этади. 2022 йил август ойида у Тбилисига ҳуқуқий соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади. «Биз қонун устуворлиги, давлат бошқаруви ва инсон ҳуқуқларининг муҳим соҳаларида муваффақиятсизликларни кўряпмиз», деди Европа иттифоқи дипломати Жозеп Боррел. 

Ҳозирда Европа иттифоқига аъзоликка расмий номзодлар Украина, Молдова, Албания, Шимолий Македония, Сербия, Черногория ва Туркиядир. Бироқ, бу мамлакатларнинг ҳеч бири учун Европа иттифоқига кириш муддатлари аниқланмаган. 

Top