08:02 / 21.09.2022
2307
Европа иттифоқининг Минскдаги вакили Беларус визасидан маҳрум қилинди

Европа иттифоқининг Беларусдаги ваколатхонаси раҳбари Дирк Шубел иш жойига қайта олмайди. Бу Европа иттифоқи ва Беларус ўртасидаги алоқаларни янада чеклайди, дея маълум қилди Еврокомиссия.

Фото: Picture Alliance

Беларус ҳукумати Европа иттифоқининг Минскдаги ваколатхонаси раҳбари Дирк Шубелга виза беришдан бош тортди. Бу ҳақда 20 сентябр, сешанба куни Полшада фаолият юритувчи «Белсат» телеканали хабар берди. Энди немис дипломати Беларусга кира олмайди ва ўз ишини давом эттира олмайди.

Еврокомиссия вакили Питер Станонинг сўзларига кўра, бу «дўстона бўлмаган қадам Европа иттифоқи ва Беларус ўртасидаги торайган дипломатик каналлар ва икки томонлама муносабатларни янада чеклайди». Стано 6 сентябр куни Минскда Европа иттифоқининг муваққат ишлар вакили Эвелина Шулцнинг «ноқонуний ва рухсат этилмаган» ҳибсга олинишини эслади.

Шундан сўнг, «Беларус расмийлари ўз мандатини давом эттиришга тайёр бўлишига қарамай, Минскдаги ЕИ делегацияси раҳбари, элчимиз Дирк Шубелнинг аккредитациясини узайтирмай, ундан ҳам узоқроққа боришга қарор қилди», — дея Еврокомиссия вакилининг сўзларидан иқтибос келтирган «Белсат». 

Аввалроқ, 16 сентябр куни Питер Стано DW нашрига берган интервьюсида Эвелина Шулцнинг Минскда ҳибсга олинишини дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясининг «қабул қилиб бўлмайдиган бузилиши» деб атади ва Беларуснинг Брюсселдаги дипломатик миссияси раҳбари чақиртирилганини таъкидлади. «Бўлган воқеа жуда жиддий оқибатларга олиб келади», деди Стано. 

Top