Ўзбекистон президентининг жамоатчилик муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш сифати ва самарадорлигини ошириш тўғрисидаги фармони имзоланди.
Соддалаштирилган тартибда лойиҳа ишлаб чиқилишидан олдин қуйидаги тартибга солиш воситалари баҳоланади:
жисмоний ва юридик шахсларга мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловларни белгилаш (кейинги ўринларда — талаблар), уларни ўзгартириш ёхуд талабларга риоя қилишни ёки уларни бажаришни таъминлаш билан боғлиқ таъсир чораларини қўллаш;
тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган имтиёз, преференция ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турларини жорий қилиш, уларнинг таъсир доирасини кенгайтириш ёки қисқартириш.
Баҳолаш натижалари юзасидан Адлия вазирлигининг дастлабки хулосаси олинади. Кенгайтирилган тартибда қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари баҳоланади:
соддалаштирилган баҳолаш натижалари бўйича иқтисодий, ижтимоий ва атроф-муҳитга таъсири даражаси юқори деб топилган лойиҳалар;
Олий Мажлис палаталари, президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари ҳамда баҳолаш соҳасидаги ваколатли органлар, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор томонларнинг таклифига кўра кенгайтирилган баҳолашдан ўтказилиши лозим деб топилган лойиҳалар.
Адлия вазирлиги икки ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини соддалаштирилган ва кенгайтирилган баҳолашдан ўтказиш услубиётини тасдиқлайди.
Амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қўллаш самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш фаолиятини комплекс ташкил этиш ва бу борада жорий этилган институтларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда таъсирчанлигини ошириш мақсадида 2025 йилдан бошлаб ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, ҳуқуқий нормаларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга киргандан сўнг норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш мақсадларига эришилишини таҳлил қилиш, унинг ижросини таъминлаш ҳамда баҳолаш учун статистик маълумотларни йиғиш мақсадида ҳар йили масъул давлат органи томонидан мониторинг олиб борилади.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш мақсадларига эришилганлиги ва самарадорлигини аниқлаш мақсадида қонуности ҳужжатлари ҳар уч йилда масъул давлат органи томонидан баҳолашдан ўтказилади.











