Унда Ўзбекистон дипломатлари федерал ўлкадаги касб-ҳунар таълими имкониятлари билан танишгани ва тегишли ташкилотлар мутасаддилари билан учрашув ўтказиб, ёшларни касбларга ўқитиш, тил ўргатиш, қолаверса икки мамлакат ўртасидаги миграция келишувини фаол амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашгани таъкидланган.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон элчиси ўз мамлакатини нафақат иқтисодий соҳада, балки таълим ва интеграция йўналишларида ҳам ишончли ҳамкор сифатида тақдим этди. Дипломат Ўзбекистон мактабларида 400 мингдан ортиқ ўқувчи немис тилини ўрганаётганини, шу боис немис тили мамлакатдаги муҳим чет тилларидан бири ҳисобланишини маълум қилди. "Учрашувлардан мақсад миграция келишуви доирасида касбий таълимга ўқитиш ва малакали ишчиларни Германияда меҳнат фаолиятига жалб қилиш борасида ҳамкорликни кенгайтириш", – дея Ўзбекистон элчисининг сўзларидан иқтибос келтирилган манбада.
Мақолада таъкидланишича, Савдо-саноат палатаси президенти Тео Эйлерс таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бугунги кунда мамлакатдаги долзарб иқтисодий масалаларга аниқ ечимлар бериши мумкинлигини маълум қилган. Унинг айтишича, агар ўзбек ёшлари мактабданоқ немис тилини ўрганаётган бўлса, бу уларнинг Германия жамиятига интеграциялашуви учун ҳам, малакали мутахассислар етишмовчилиги мавжуд немис компаниялари учун ҳам катта афзалликлар беради.
Шунингдек, мақолада Шарқий Фризия ва Папенбург Савдо-саноат палатаси бошқарувчи директори Макс-Мартин Дейнхарднинг қўйидаги фикрлари келтирилган: "Ўзбекистон билан ҳамкорлик икки томонлама манфаатлидир. Бу бир томондан федерал ўлкадаги корхоналарни малакали мутахассислар билан таъминлашга ёрдам берса, бошқа томондан ўзбекистонлик ёшларга Германияда сифатли таълим олиш имкониятини беради".
Бундан ташқари, нашрда Ўзбекистон делегация Эмден шаҳридаги 2-касб-ҳунар мактабига ва Rolf Janssen GmbH касб-ҳунарга ўқитиш корхонасига ташриф буюриб, ушбу ташкилотлар фаолияти билан танишгани қайд этилган.

