07:48 / 24.09.2021
947
Берунийда икки йилдан бери илма-тешиклигича қолаётган абгор кўприк ҳолатига изоҳ берилди

Кеча Беруний туманидаги абгор кўприк икки йилдан бери илма-тешиклигича қолаётгани, халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлидаги кўприкда ҳаракатланиш анчадан бери чеклангани ҳақида хабар бергандик.

Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси Kun.uz’га изоҳ берди.

Қайд этилишича, мазкур кўприк халқаро аҳамиятга эга А-380 (Ғузор-Бухоро-Нукус -Бейнеў) автомобиль йўлининг 659, 4 км. да (Беруний тумани «Абай» ОФЙ ҳудудида) жойлашган. Унинг узунлиги 46,5 метр эни 12,1 метрни ташкил қилади. У 1974 йили қурилган темир-бетон кўприк ҳисобланади.

2019 йил сентябрь ойида ўтказилган режали кўрикка асосан кўприк яроқсиз ҳолда эканлиги аниқланган ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли йўл белгилари ўрнатилиб, ҳаракатланиш тўхтатилган. Автомобиллар қатновини таъминлаш мақсадида айланма йўл солинган. Шу жумладан, текширув вақтида кўприкнинг қайта қуришга муҳтож эканлиги аниқланган.

Мазкур кўприкда автомобиль ҳаракатини тиклаш, қайта қуриш ишларини олиб бориш учун инвестиция дастурига киритиш бўйича тегишли ташкилотларга ёзма турда бир неча марта чиқиш қилинган.

Вазирлар Кенгашининг 2021 йил 11 август кунги мажлис баённомаси билан Президентнинг 2007 йил 19 февралдаги ПҚ-585-сон Қарорига асосан, кўприкни табиий офатлардан бартараф этиш бўйича дастурга киритиш, қайта қуриш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича қарор қабул қилинган.

Қўшимча қилинишича, «Йўл лойиҳа-бюроси» МЧЖ Қорақалпоғистон бўлими томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, давлат экспертизасидан ўтказилган.

Бугунги кунда манзилли-рўйхати тайёрланиб, маблағ ажратиш масаласида Автомобиль йўллари қўмитаси ва Молия Вазирлигига тақдим этилган. Тегишли маблағ ажратилиши билан қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланишини маълум қиламиз, дейилади расмий изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Амударё устидаги янги кўприк қурилишида ҳаво компрессори отилиб кетганди.

Top